Шавкат Мирзиёев 15 май куни БМТ бош котиби ўринбосари — Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Владимир Воронков мамлакатга қайтарилганларни реабилитация қилиш ва жамиятга реинтеграция қилиш бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун келган.

Томонлар Ўзбекистоннинг БМТ институтлари ва тузилмалари билан, энг аввало, терроризм ва бошқа трансмиллий хатар ва таҳдидларга қарши кураш соҳасидаги амалий ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.

Владимир Воронков Ўзбекистон томонига Минтақавий экспертлар кенгашини ташкил этиш ташаббусини амалга оширгани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу механизмнинг Тошкентда ўтказилган биринчи йиғилишининг муваффақиятли натижалари қайд этилди.

БМТ бош котиби ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистоннинг можаролар ҳудудларидан фуқароларни қайтариш, уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш, жумладан, бунда маҳалла институти имкониятлари ва салоҳиятидан фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади, дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини назарда тутувчи 2024−2025 йилларга мўлжалланган янгиланган «йўл харитаси» имзолангани қайд этилди.

Томонлар ёшларни экстремизм ва терроризм ғояларининг бузғунчи таъсиридан ҳимоя қилиш, кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва БМТ институтларида ёш мутахассислар учун стажировкалар ташкил этишга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Афғонистон масаласи юзасидан фикр алмашилди. Бу мамлакатдаги вазиятга халқаро эътиборни кучайтириш, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.