Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида Имом Бухорий мажмуасининг реконструкция ишлари билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

2021 йил муборак Рамазон кунларида ушбу зиёратгоҳнинг қурилиш ишлари бошланди. Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан бу ерда нуронийлар ва зиёлилар билан учрашди.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Шавкат Мирзиёев мўмин-мусулмонларни, бутун Ўзбекистон халқини муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди.

«Рамазон ойи — эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад — исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч», — деди Шавкат Мирзиёев.

2020 йилда пандемия туфайли Рамазон ойида диний амалларни уйда бажаришга тўғри келгани ёдга олинди. Бу йил эса масжидлар очиқ, мўмин-мусулмонлар карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ибодатларини адо этаётгани қайд этилди.

«Тўрт йиллик изланиш, янгиланиш ва синовлардан ўтиб, катта тажриба орттирдик. Халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Фото: президент матбуот хизмати.


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».



Лойиҳага кўра, Имом Бухорий мажмуасида катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши кўзда тутилган.

Маълумки, президент ташаббуси билан 2019 йилда бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ҳам ташкил этилган эди. Қурилиши режалаштирилаётган янги мажмуа улар билан мутаносибликда улкан маскан ҳосил қилиб, зиёратчилар учун ҳамма шароитлар бўлади, дейилади хабарда.