Ўзбекистон Адлия вазирлиги 12 апрель куни бош ташкилоти АҚШда жойлашган Халқаро тадқиқотлар ва алмашувлар кенгашининг (IREX) Ўзбекистондаги филиалини давлат рўйхатидан ўтказди.

«Филиалнинг асосий мақсад ва вазифалари Ўзбекистонда фаровон ва тенг ҳуқуқли жамият қурилишига ҳисса қўшиш, Ўзбекистон ёшларининг имкониятларини кенгайтириш ва бўлажак раҳбарларни тарбиялашга, сифатли таълим ва ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Шунингдек, IREX Ўзбекистонга инглиз тили соҳибларини жалб қилган ҳолда ўқитувчилар малакасини оширишга ҳамда талабаларни инглиз тилини интенсив равишда ўрганишини таъминлашга кўмаклашади.

Филиал ўз мақсад ва вазифаларини Ўзбекистон Халқ таълими, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ўзаро ҳамкорликда амалга оширади, дея қайд этилди.

Ташкилот аввал Ўзбекистонда фаолият кўрсатган. 2006 йилда суд қарори билан унинг филиали «устав ҳужжатлари ва миллий қонунчилик бузилгани» учун ёпилган эди. Ўшанда IREX билан бир қаторда Америка юристлар ассоциацияси, Internews Network, Freedom House, ACCELS, Counterpart International, «Марказий Осиё эркин алмашинувлар форуми» (CAFE), «Таълим воситасида глобал жалб қилиш» («Global Involvement through Education»), «Урбан институти», «Евроосиё жамғармаси», «Академик таълим ва тараққиёт бўйича ҳамкорлик» (PAD), Crosslink Development International ва Winrock International ваколатхоналари ҳам ёпилган.

Аввалроқ Адлия вазирлиги Ўзбекистонда Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (ACCELS) ваколатхонаси ҳамда Винрок халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти (Winrock International) филиалини рўйхатдан ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.