13 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, йиғилишда муҳим масалалардан бири — талабаларнинг ижарада яшашига ҳам тўхталиб ўтилган.

Таъкидланишича, бугунги кунда 130 мингдан зиёд олийгоҳ талабалари ижарада яшамоқда.

«Бу масалани ҳал қилиш бўйича Ҳукумат томонидан алоҳида дастур тайёрланмоқда. Унга кўра, бундай фарзандларимизга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади.

Молия вазири Тимур Ишметовга ушбу мақсадлар учун 100 млрд сўм ажратиш бўйича топшириқ берилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Молия вазири Тимур Ишметов, ректор ва вилоят молия бошлиқлари икки ҳафтада ижарада турган талабалар билан учрашиб, 1 майдан тўловларни бошлайди.

Бундан ташқари, президент ташаббуси билан 4.4 трлнн сўм маблағ янги ётоқхоналар қурилишига йўналтирилади.