Президент Шавкат Мирзиёев ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент ассамблеяси тўлақонли миссиясини бўлажак сайловларни кузатиш учун Ўзбекистонга таклиф этди. Бу ҳақда душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

14 апрель куни давлат раҳбари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линдени қабул қилган эди.

«Бу борада бизга холисона баҳо керак», — дея президентнинг Анн Линде билан учрашувидаги сўзларидан иқтибос келтирди матбуот котиб.

Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, халқаро ташкилот вакили «Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, улар Швециянинг ЕХҲТдаги раислигининг устувор йўналишларига тўлиқ ҳамоҳанг эканини қайд этган».

Ўзбекистонда президент сайловлари жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтади.

2020 йил охирида парламентга йўллаган мурожаатида президент Шавкат Мирзиёев «бўлажак сайловларни миллий қонунчилик ва умумъэтироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим» эканлигини таъкидлаган эди. «Биз ўтган сайловларда халқаро кузатувчиларнинг тавсияларини миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш бўйича ишларни давом эттирамиз», — деган эди давлат раҳбари.