Шавкат Мирзиёев 14 май куни БМТ бош котиби ўринбосари — «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

БМТ делегацияси шу кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлар форуми дастури доирасида мамлакатда бўлиб турибди.

бмт-аёллар

Учрашувда Ўзбекистоннинг «БМТ-аёллар» тузилмаси билан конструктив ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда «БМТ-аёллар» тузилмасининг ваколатхонасини очиш масаласи қўллаб-қувватланди.

Хабарда Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини илгари суриш соҳасидаги барча асосий халқаро конвенцияларга қўшилгани ва БМТнинг тегишли комиссияси ишида фаол иштирок этаётгани қайд этилган.

бмт-аёллар

Томонлар Осиё хотин-қизлари форумининг самарали натижаларини юқори баҳолади ва уни Осиё минтақасида аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий мулоқот майдонига айлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзаро ҳамкорлик бўйича, шу жумладан, минтақавий даражадаги аниқ лойиҳа ва дастурларни ўз ичига олган ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган дастурни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.