Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Қорасув мавзесида уй-жой қурилиши билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қорасув мавзесида қурилган кўп қаватли уйлар сони 116 та. Шунингдек, бу ерда 1 минг 600 ўринли мактаб, 120 ўринли болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари барпо этилган. 2021 йилда яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уйлар қурилмоқда.


Шавкат Мирзиёев 2019 йилда вилоятга ташрифи чоғида бу ердаги дастлабки уйларни кўздан кечириб, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. «Agromir Buildings» МЧЖ томонидан мавзеда 16, 15, 14 ва 12 қаватли жами 47 та турар жой қурилди. Уларда 3 минг 588 та хонадон бор.


Турар жойларнинг фасади 3 қаватли қопламадан иборат бўлиб, хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Биноларга видеокузатув тизими, юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари ўрнатилган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Уйлар эгаларига тайёр ҳолда топширилмоқда.


Давлат раҳбари уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларининг сифатига алоҳида эътибор қаратди. Қурувчи ташкилотнинг сифат учун масъулияти ва жавобгарлигини янада кучайтирадиган механизм ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

«Ривожланган давлатлардагидек уйлар қуришни ўзлаштирдик, энди хизмат кўрсатишни ҳам шунга яраша яхшилаш керак», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Чет эл тажрибаси асосида сервис турларини кенгайтириш, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи корхона ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус пункт ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.

Шу ерда Самарқанд шаҳри Бош режаси ва шаҳар ҳудудини кенгайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.