14 апрель куни Марказий сайлов комисссияси мажлисида Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар берди.

«Дастурдан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда илк бор Сайлов кодекси асосида ўтажак президент сайловига тайёргарлик кўриш борасида қадамба-қадам амалга ошириладиган ишлар ўзининг батафсил ифодасини топган. Бажариладиган вазифларнинг ижро муддати ва масъул ижрочилари аниқ кўрсатилган», — дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йил июнь ойида кучга кирган Сайлов кодекси президент, депутатлар, сенаторлар сайлови, Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунларни битта ҳужжатга бирлаштирди. Илгари сайловлар тегишли қонун асосида ўтказиларди.

Асосий тадбирлар дастурида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ва фаоллигини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ушбу жараёнда ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик жараёнини коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича вазифалар белгиланган.

Дастурга мувофиқ, барча округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари учун семинарлар, тренинглар, ўқув машғулотлари, конференциялар, давра суҳбатлари бошқа тадбирлар, жумладан онлайн мулоқотлар, ўтказилади.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартибини белгилаб берувчи ҳамда президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби, президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибига доир низомлар ҳам қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва унга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 29 январда қабул қилинган ва Сенат томонидан 5 февралда маъқулланган.

Унга кўра, Президентликка сайлов, Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилишибелгиланди.

Бу йил Марказий сайлов комиссияси давлат бюджетидан «жорий харажатлар учун» 2020 йилга нисбатан 74 баравар кўп — 4,1 млрдга нисбатан 304,2 млрд сўм маблағ ажратди.

2020 йил охирида парламентга йўллаган мурожаатида президент Шавкат Мирзиёев «бўлажак сайловларни миллий қонунчилик ва умумъэтироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим» эканлигини таъкидлаган эди. «Биз ўтган сайловларда халқаро кузатувчиларнинг тавсияларини миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш бўйича ишларни давом эттирамиз», — деган эди давлат раҳбари.