14 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хоннинг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Имрон Хон. Фото: Президент матбуот хизмати.

Онлайн-учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги шериклик ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий вазифалари батафсил кўриб чиқилди ва биринчи галдаги чоралар белгилаб олинди. Бўлажак тадбирлар режаси келишилди.

Конструктив сиёсий мулоқотни, парламентлараро ҳамда халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Транспорт ва транзит соҳасидаги устувор лойиҳаларни илгари суриш, товар айирбошлашни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кучайтириш учун қулай шароитларни яратиш учун қўшимча чоралар кўриш, жумладан, имтиёзли савдо тўғрисида битим ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш, қўшма ишбилармонлик форумларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.

Мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масаласи ўрганилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида июль ойида Покистон иштирокида бизнес ҳафталик, шунингдек савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари, ишбилармонлик кенгаши учрашуви, саноат маҳсулотлари қўшма кўргазмасини ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Покистоннинг Pakistan International Airlines ва Serene Air авиакомпаниялари билан музокаралар ўтказилгани тўғрисида хабар берди. Хусусан, Serene Air Ўзбекистонга тўғридан-тўғри қатновларни амалга оширишга қизиқиш билдирган.

«Бу ҳам Бухоро, ҳам Самарқандга. Яқин орада мамлакатлар ўртасида виза режимининг соддалаштирилиши ҳам муҳимдир, бу Покистондан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга имкон беради», — деди у.

Қурилиш вазири Илҳом Махкамовнинг қўшимча қилишича, мамлакатлар узунлиги 600 км га яқин Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар темир йўл лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришни ҳам муҳокама қилишди. Унга кўра, май ойида Афғонистонда жойлашган қурилиш майдончаларида экспедиция тадқиқотини ташкил этиш режалаштирилган.

Қурилиш вазирлиги раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон Покистон портларидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди. Март ойида ишчи гуруҳ уларнинг имкониятларини ўрганиб чиққан.