Тошкентнинг Лабзак мавзесида йўл қисмига дарахт қулаб тушди

Тошкент шаҳрининг Лабзак мавзесида дарахт йўл қисмига қулаб, Matiz автомашинасининг олд қисмига шикаст етказди. Жабрланганлар йўқ.

Миллий гвардия қўмондонига биринчи ўринбосар тайинланди

Инамжон Ибрагимов Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Энди юридик шахслар ҳам автомобилларни қисқа муддатга ижарага олиши мумкин

Эндиликда нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахслар ҳам автомобилларни қисқа муддатга ижарага олишлари мумкин. Ижарага берилган транспорт томонидан бузилган йўл ҳаракати қоидаларини эса онлайн текшириш имконияти яратилди.

АКТга Шерзод Шерматов, ХТВга эса Бахтиёр Саидов раҳбар этиб тайинланди

Президент фармони билан 2018 йилдан бери халқ таълими вазири сифатида ишлаб келаётган Шерзод Шерматов АКТ вазири лавозимига тайинланди. Унинг ўрнига эса 2017 йилдан бери Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси лавозимида фаолият юритган Бахтиёр Саидов вазир бўлди.

Педагогика университетига янги ректор тайинланди

Абдуғаффор Қирғизбоев Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланди. Университетнинг собиқ ректори Алишер Умаров лавозимидан озод этилди.

«Ҳеч кимни мажбурлашга ҳаққи йўқ». Адлия вазири — ҳоким ёрдамчиси лавозимига мажбурий тайинловлар ҳақида

Адлия вазири Русланбек Давлетов республикадаги барча маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимига молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбуран ўтказилаётганига изоҳ берар экан, «бу ноқонуний», дея таъкидлади. «Ҳеч кимни мажбур қилишга ҳаққи йўқ… Тазйиқлар бўладиган бўлса мурожаат қилиши мумкин», — деди у. Вазир шунингдек, касбни эркин танлаш конституциявий ҳуқуқ эканлигини эслатиб ўтди.

Когонда тупроқ ўпирилишидан ҳалок бўлганлар бўйича жиноят иши қўзғатилди

Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги сув қувури ётқизилиш вақтида тупроқ ўпирилишидан 2 киши ҳалок бўлган эди. Ҳолат юзасидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзгидромет Тошкентда ифлос қор ёғгани сабабини тушунтирди

Чоршанба куни эрта тонгда пойтахтда ифлос қор ёғди. Ўзгидромет бунга 4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлганини маълум қилди. Шунингдек, бу инсон саломатлигига зиён етказмаслиги айтилмоқда.

Россия Ўзбекистонда саккизта ОТМ филиалини очиши кутилмоқда

Россиянинг яна саккизта олий ўқув юрти Ўзбекистонда ўз филиалларини очиш ниятида, улардан учтаси яқин кунларда ўзбекистонлик талабаларни қабул қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда иккинчи Россия-Ўзбекистон таълим форумида муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қозоғистонга боради

Президент Шавкат Мирзиёев йил охиригача Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда Қозоғистон давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқотда келишувга эришилди.

Об-ҳаво шароити туфайли қатор авиарейслар кечиктирилди

Қаттиқ қор ва ҳаво ҳароратининг кескин тушиши сабабли Тошкент аэропортида қатор рейслар кечиктирилди. Дубайга учган HY-333 рейсининг самолёти йўловчининг қариндоши вафот этгани сабабли учишдан бош тортгани сабабли кечиктирилганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси қарийб 800 млн долларга ошди

Марказий банк маълумотларига кўра, 1 ноябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин валюта захираси 35,21 млрд долларни ташкил этган. Ўтган ой билан таққослаганда, захиралар 797,1 млн долларга ёки 2,3 фоизга ўсган. Бунга жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилиши сабаб бўлган.

Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ер қимирлаши кузатилди

Қирғизистонда кузатилган зилзила Ўзбекистон ҳудуларида ҳам сезилди. Жумладан, Хонободда 3−4 балл, Қўрғонтепада 3 балл, Жалақудуқда 3 балл, Пахтаободда 3 балл, Асакада, Норин, Марҳамат ва бошқа туманларда 2 баллик силкинишлар қайд этилди.

Энди пахта кластерлари билан тузилган битим суд орқали бекор қилинади

Президент фармони билан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти тартибга солинмоқда. Эндиликда кластерлар махсус комиссия хулосаси асосида Ҳукумат қарори билан ташкил қилинади ва 30 йилга битим тузилади. Томонлардан бири қарши бўлса, мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаса ёки кластерга аъзо фермерларнинг 66 фоизи мурожаат қилсагина битим бекор қилинади.

«Тошкент сув таъминоти» Олмалиқ шаҳар филиали бошлиғи пора билан қўлга тушгани айтилмоқда

«Тошкент сув таъминоти» Олмалиқ шаҳар филиали бошлиғи ва етакчи мутахассиси тадбиркордан савдо мажмуасини қуришда сарфланаётган сув баённомасини базага киритмаслик учун 2000 доллар талаб қилгани айтилмоқда. Етакчи мутахассис пулларнинг бир қисмини олганида қўлга тушган.

Шавкат Мирзиёев 19 ноябрда Россияга ташриф буюради

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланганидан кейинги илк икки томонлама ташрифи 19 ноябрь куни Россияга бўлади.

Навоийда олтин қазиб олиш вақтида 4 киши қум остида қолиб ҳалок бўлди

Навоий вилояти Конимех тумани Лолазор номли чўл ҳудудида бир гуруҳ фуқаролар тупроқ таркибидан тилла қумларини кавлаб олиш вақтида 4 нафар фуқаро қум босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда

Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтаҳур туманларида электр энергияси таъминоти узилишлар кузатилмоқда. Бунга Зангиота туманидаги «Хасково» подстанциясида қисқа туташув натижасида ўчиш сабаб бўлган.

Қордаги ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори сезиларли даражада эмас — Ўзгидромет

Ўзгидромет томонидан Тошкент шаҳрида кундузи ўтказилган қор намуналари таҳлиллари қордаги ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори сезиларли даражада эмаслиги ва инсон саломатлигига зиён етказмаслигини тасдиқлади. Шунингдек, ёғинлар ёққанда биринчи ярим соатда ташқарида бўлиш тавсия этилмаслиги, чунки бу вақтда асосий ифлосланиш миқдори атмосферадан ювилиши айтилди.

Олий суд раисининг хизмат машинаси ЙТҲга учраган. Ҳайдовчи даволанмоқда

Тошкентда Олий суд раиси Козим Комиловга тегишли Malibu русумли хизмат машинаси ЙТҲга учради. Ҳодиса юз берганда раис машинада бўлмаган. Автомобиль ҳайдовчиси ҳозирда даволанмоқда.

Бошланғич синфларда ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолаш бошланди

Ўзбекистонда 15 ноябрдан 7 декабргача бошланғич синфларда ўқиш (EGRA) ва математика кўникмаларини баҳолаш (EGMA) бўйича илк тадқиқот ўтказилмоқда. USAID ва Халқ таълим вазирлиги ўртасидаги қўшма лойиҳа ушбу фанлар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришга ёрдам беради.

Газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти бўйича чеклов жорий этилади

17 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг хизмат кўрсатиш графигига вақтинчалик чеклов ўрнатилади. Бунинг натижасида биринчи навбатда аҳолига газ етаказиб берилади. Масалан, Жиззах вилоятидаги 68 та газ қуйиш шохобчасида соат 17:00 дан 23:00 гача газ таъминоти тўхтатилади.

«Газета.uz»да чиққан мақола ва фотоматериаллар:

Фото: Тошкентдаги биринчи қор

Тошкентда биринчи қор ёғмоқда. Эрта тонгдан ёғган қор лой қатлами билан қоплангани кузатилмоқда. Кейинроқ у яна оқ тус олиб, кучайди. Дарахтлар шохлари намликнинг оғирлиги туфайли баъзи жойларда қулаб тушди. «Газета.uz» фотомухбири Евгений Сорочин пойтахт бўйлаб сайр қилди.

«Бизга катта-катта ишларни қилишни ўзи қилиб кўрмаган ўқитувчи ўргатади». Ўзбекистонлик талабалар «олтин давр» ҳақида

17 ноябрь куни «Халқаро талабалар куни» нишонланади. Талабалик — олтин давр, дейишади. Чиндан ҳам бу давр «олтин»ми, талабаликнинг қандай қийинчилик ва машаққатлари бор? «Газета.uz» турли университетларда ўқийдиган талабардан мазкур саволларга жавоб олди.