17 ноябрь соат 6:00 да Тошкент шаҳрида ифлос қор ёғди, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

Қордан pH (кислоталилик), электр ўтказгичлилик ва ион таркибини аниқлаш учун намуналар олинган. Қор намуналари олинганда ифлосланган қор қатламлари (қизғиш лой ранги) кузатилган.

«Ифлосланган қор ёғишига 4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлди. Агар Тошкентда 14 ноябрда ёғинлар ёғиб ҳаво тозаланган бўлса, Бухоро вилоятида эса ёғинлар бўлмади», — дейилади хабарда.

17 ноябрда республиканинг бутун худудига шамолнинг тезлашиши ва баъзи жойларда қумли бўрон билан совуқ нам ҳаво массаси кириб келди.

«Шамол тезлигидан кўтарилган чанг масофага кўчди ҳамда тупроқ ва қум рангини бўяб Тошкент шаҳрига чўкди», — дея тушунтирди Ўзгидромет.

Атмосфера ҳавоси таҳлил натижалари кўрсаткичларига кўра, қорнинг ишқорли муҳити pH-9,6 ни ташкил этди, Одатда эса pH-7 бўлади. Электр ўтказувчанлик 73,2 ни ташкил қилган, бу анионлар ва катионларнинг унча катта бўлмаган концентрациясидан далолат бўлади ва инсон саломатлигига зиён етказмайди.

5:10 да Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосида муаллақ зарраларнинг кескин ошиши қайд этилди. Ва бу рухсат этилган максимал концентрациянинг 2.3 бараварини ташкил қилди. Ёғинларчилик натижасида ҳавони тозаланиши содир бўлган.