Ҳукуматнинг тегишли қарорига биноан, Абдуғаффор Қирғизбоев Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мазкур тайинловга қадар у Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимидан озод этилди.

Ушбу қарор билан Педагогика университетининг собиқ ректори Алишер Умаров лавозимидан озод этилган.

Октябрь ойи охирида Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ўз хонасида 3 курс талабасига тегажоғлик қилгани айтилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Қиз қаршилик кўрсатгандан сўнг декан муовини уни деразадан итариб юборади ва қиз тушиб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, декан ўринбосари қўлга олинган.

Кейинроқ Олий таълим вазирлиги Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеани назоратига олганини маълум қилганди. Вазирлик ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилишини таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса жабрланувчи қизнинг саломатлигини ўз назоратига олганди.