Аввалроқ, республика бўйлаб барча маҳаллаларда «ҳоким ёрдамчиси» лавозимига молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбурлаб ўтказилаётгани ҳақида ёзган эдик.

Адлия вазири Русланбек Давлетов Telegram`да ўтказилган мулоқот чоғида мазкур масала юзасидан ҳам ўзининг муносабатини билдирди.

«Инсон ўзини ҳаётида ўзини орзу-хаваси бор, ўзини йўналишлари бўйича ишлайди. Шунга қараб у ўзини билимини оширади. Эртага режалар қилади, касб танлаш эркинлиги бекордан бекорга эмас. Касбни эркин танлаш бу жуда катта аҳамиятга эга бўлган Конституциявий ҳуқуқ», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «бунақа ҳолатлар нотўғри ва ноқонуний».

«Бунга қарши — буни айтаётганларнинг [мурожаатчиларнинг] ўзи ҳам чора кўриши мумкин. Яъни, у ерда ҳеч кимни мажбур қилишга ҳаққи йўқ. Йўқ деган жавобни бериб, тазйиқлар бўладиган бўлса (Адлия вазирлигига — таҳр.) мурожаат қилиши мумкин», — деди Русланбек Давлетов.

Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан Адлия вазирлиги ҳам ваколатга эгалиги ва муаммоларни манзилли кўриш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

«Уни албатта, кўриб чиқамиз. Яъни бу ерда манзилли кўриш керак. Аниқ ҳолатда ким нима бўлаётган бўлса, шунга биз ўзимизни муносабатимизни билдиришимиз керак», — деди вазир.

Бунга қадар, 8 ноябрдан бошлаб республиканинг жами 9259 та маҳалласида ҳоким ёрдамчилари лавозимлари жорий этиш ишлари бошлангани ҳақида хабар қилгандик. Ўшанда ушбу лавозимларга президент топшириғида айтилганидек ёшлар орасидан эмас, балки ҳудудларда тажрибага эга молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбуран тайинланаётгани айтилганди.

Мурожаатчиларнинг сўзларига қараганда, улар ушбу лавозимга ўтишни рад этса, «президентга хиёнат» қилаётганликда айбланиб, ишдан бўшатилиши билан қўрқитилмоқда. Суҳбатга келмаганлар эса ички ишлар органлари томонидан мажбуран олиб кетилаётгани маълум қилинганди.