Тадбиркордан пора талаб қилган «Тошкент сув таъминоти» Олмалиқ шаҳар филиали бошлиғи ва муҳандиси ушлангани айтилмоқда.

Бу Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Таъкидланишича, «Тошкент сув таъминоти» Олмалиқ шаҳар филиали бошлиғи И.Ш. филиалнинг етакчи муҳандиси Ф.К. билан олдиндан тил бириктириб, «F.L.» МЧЖ таъсисчиси Э.дан савдо мажмуасини қуришда сарфланаётган сув учун расмийлаштирилган баённомани базага киритмаслик эвазига 2000 АҚШ доллари пора талаб қилган.

«Шундан 1000 долларни Ф.К. олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.