16 ноябрь куни Бухоро вилояти Когон шаҳрида сув қувурини ётқизиш ишлари вақтида тупроқ ўпирилиши содир бўлиб, икки ишчи ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берган эдик.

Соат 14:50да «Дўстлик» МФЙ Дўстлик кўчасида «61-Автокорхона» МЧЖ томонидан оқава сув қувурларини ётқизиш ишлари олиб бораётганда содир бўлди. 5−6 метр чуқурликда, эни 3 метр оралиғда кавланган чуқурликда 1000 мм. ли сув қувурлари ётқизилаётган вақтда чуқурнинг чап томони ўпирилиб тушган.

Жабрланувчиларнинг жасадлари вилоят ФВБ ходимлари томонидан қум уюми остидан олиб чиқилиб, суд-тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖК нинг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.