Грузия парламенти оммавий норозиликларга қарамай, «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ва якуний ўқишда маъқуллади, деб хабар бермоқда «Рустави 2» телеканали.

Қонун лойиҳасини 84 депутат қўллаб-қувватлади, 30 нафари қарши овоз берди. Ҳужжат 20 фоиздан кўпроқ маблағни хориждан оладиган нодавлат ташкилотлари ва ОАВни «хорижий давлат манфаатларига хизмат қилувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди.

Энди қонун лойиҳаси имзолаш учун Грузия президенти Саломе Зурабишвилига юборилади, у қонунга вето қўйишга ваъда берган, бироқ ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси уни бекор қилиш учун етарли овозга эга.

14 май куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳужжат муҳокамаси пайти «Грузия орзуси» партияси депутатлари ва мухолифат вакиллари ўртасида жанжал содир бўлди. Шунингдек, эрталабдан парламент биноси олдида норозилик намойиши бошланди.

Қонун лойиҳаси қабул қилингандан сўнг намойишчилар парламентга асосий кираверишдаги ҳимоя металл қалқонларини синдирди. Махсус кучлар намойишчиларни қўлга олишни бошлади.

  • Ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи бор парламент муҳокамасига тақдим этганди. Лойиҳа 2023 йилнинг февралида кўриб чиқилган, бироқ норозиликлар туфайли қайтариб олинган эди. Мухолифат вакиллари ва маҳаллий ОАВ Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунига ўхшашлиги учун ҳужжатни «хорижий агентлар тўғрисидаги қонун» деб атайди. Уларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг ЕИга қўшилиш имкониятларини издан чиқаришга уринишдир.
  • Қонун лойиҳасига қарши оммавий норозилик намойишлари деярли бир ойдан бери давом этмоқда. Намойишларнинг асосий шиори «Европага — ҳа. Россия қонунларига — йўқ». Ғарб давлатлари ҳам Грузия расмийларини танқид қилган. Декабрь ойида Грузияга номзод мақомини берган ЕИ бу ҳужжат блокнинг қадриятларига «мос келмаслигини» маълум қилганди.