«Миллий банклараро процессинг маркази» (Humo) масъулияти чекланган жамияти акциядорлик жамиятига айлантирилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги бу бўйича агентликнинг тегишли буйруғи қабул қилингани ҳақида хабар берди.

Президентнинг 2023 йил 30 ноябрдаги қарорига асосан 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари фақат акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши белгиланган.

«Қарор ижросини таъминлаш мақсадида „Миллий банклараро процессинг маркази“ масъулияти чекланган жамиятини акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этиш тўғрисида Давактив агентлигининг тегишли буйруғи қабул қилинди ва жамиятнинг янги таҳрирдаги устави 2024 йил 13 май куни Давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказилди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда «Миллий банклараро процессинг маркази» акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи чиқариш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётгани айтилган.

Апрел ойи якунида Миллий банклараро процессинг маркази (Humo) хусусийлаштирилиши маълум бўлганди. Бу президентининг 19 апрелдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.

Ундан аввал президентнинг 30 ноябрдаги қарори билан Марказий банкнинг Бош ахборотлаштириш марказига тегишли бўлган Humo тўлов тизимидаги давлат улуши (100 фоиз) тўлиқ Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА)га ўтказилганди.

Ўшанда Humo тўлов тизимининг Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши хусусийлаштириш билан боғлиқ эмас, дея маълум қилганди агентлик «Газета.uz»га. Таъкидланишича, Марказий банк балансида банклараро процессинг марказининг мавжудлиги манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.

Humo тўлов тизими ҳақида

Маълумот учун, миллий тўлов тизими 2018 йил сентябрь ойида яратилган. Ўшанда чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлик даражасини пасайтириши, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграциялашувига йўл қўймайслиги ва битта монополия тизимининг ҳукмронлигига олиб келиши таъкидланганди.

Humo ўша пайтдаги ягона процессинг маркази — хусусий тузилма бўлган Uzcard дастурий таъминотидаги катта носозликдан кейин тузилган.

«Kap Depo» инвестиция компанияси берган маълумотларга кўра, Humo тўлов тизимининг 2023 йилдаги соф фойдаси 2022 йилга нисбатан қарийб икки баравар ошиб, 114,5 млрд сўмни ташкил этган.

Инфографика: Telegram: @kapdepoИнфографика: Telegram: @kapdepo

Йил давомида Humo тўлов тизимидаги карталар сони 8 млн донага ошиб, 23,3 млнга етди, шундан виртуал карталар улуши 15 фоизни ташкил этди. 2023 йилда жами 1,62 млрд транзакция амалга оширилган. Битимлар сони ва суммаси йил давомида мос равишда 2,2 ва 2,1 бараварга ошган. Бир дақиқада амалга оширилган ўртача транзакциялар сони 6 минг 700 тани ташкил этган.

2024 йил биринчи чоракда эса Humo`нинг фойдаси 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 88 фоизга ошган ва 37,4 млрд сўмни ташкил этган.

humo, акциядорлик жамияти, миллий банклараро процессинг маркази, хусусийлаштириш