Бугун, 17 ноябрь куни соат 17:10 ларда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги «Хасково» подстанциясида қисқа туташув натижасида ўчиш содир бўлган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Натижада Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтаҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминоти узилишлар кузатилмоқда.

Ҳозирда Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг аварияга қарши махсус бригадалари томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъмирлаш ишлари қисқа вақт ичида якунланади ва электр энергияси таъминоти тикланиши айтилди.

«Шунингдек, мамлакатимизга кириб келган совуқ об-ҳаво оқими, кучли шамол ҳамда қор бўрони электр узатиш тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларига шикаст етказмоқда. Бунинг натижасида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси етказиб беришда вақтинча узилишлар кузатилмоқда», — дейилади хабарда.

Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида электр узатиш линиясида бинонинг бир қисми қулаб тушди. Фото: «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти.

Хусусан, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, Хоразм, Самарқанд, Тошкент ва бошқа вилоятларнинг бир қатор ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилган.

Ҳозирда махсус бригадалар томонидан ушбу носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган «Хосилот» подстанциясида ортиқча юк туфайли кабель ёниб кетди. Бир қатор массивлар электр энергиясидан узилди ва кейинроқ секин-аста тикланди.