АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 15 ноябрдан 7 декабргача бошланғич синфларда ўқиш (EGRA) ва математика кўникмаларини баҳолаш (EGMA) бўйича мамлакат бўйлаб тадқиқот олиб боради. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.

17 ноябрь куни пойтахтдаги 232-мактабда ўқув бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

«Биз таълимга сармоя киритишни ҳар бир мамлакат бажара оладиган энг муҳим амал деб ҳисоблаймиз. Ёш авлодга инвестиция киритиш келажакка инвестиция киритиш демакдир. Биз Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда амалга ошираётган ушбу лойиҳа бутун Ўзбекистон бўйлаб 3- ва 5-синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика кўникмаларини баҳолашга ёрдам беради. Баҳолаш ушбу фанлар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ва шу фанларни ўқитишга тўғри инвестиция киритиш имконини беради», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм.

EGRA ва EGMA — умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларини баҳолашга мўлжалланган илмий асосланган моделларга таянади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, EGRA ва EGMA тадқиқоти 937 та давлат умумтаълим мактабидаги 11 минг нафар ўқувчининг ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тиллари, шунингдек, иккинчи тил сифатида ўзбек тилига оид кўникмаларини баҳолайди.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

«Бизнинг юксак вазифамиз — болаларни муваффақиятга олиб келиш, мақсадимиз — уларни бахтли кўриш. Ушбу лойиҳа бошланғич синфларда юқори сифатли таълимни таъминлаш орқали бу юксак вазифамизни илгари суриш йўлида қўйилган муҳим қадамдир», — деди Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов.

Бугунги кунга қадар USAID EGRA ва EGMA баҳолаш тадқиқотини 40 дан ортиқ мамлакатда ўтказиб, тўпланган маълумотлар ушбу мамлакатларга ўз ўқувчиларининг ўқиш ва математика бўйича асосий кўникмаларини яхшилашга ёрдам берган.