Президент 16 ноябрь куни «Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПФ-14-сон] фармонни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссияси тасдиқланмоқда.

Комиссия пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш учун аризаларни кўриб чиқади. Қолаверса, кластерлар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича Ҳукуматга таклиф киритади.

Комиссия шунингдек, инвестиция мажбуриятларини бузган кластерлар фаолиятини тугатиш бўйича тавсиянома бериш ҳуқуқига эга.

Кластерлар комиссияси хулосасига асосан Ҳукумат қарори билан ташкил қилинади ва талабгор билан ўттиз йилга тўрт томонлама битим тузилади.

Битим қуйидаги ҳолатларда фақатгина суд тартибида бекор қилинади:

  • томонларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси қарши бўлганида;
  • битимдаги мажбуриятлар (форс-мажор ҳолатларидан ташқари) ўз вақтида бажарилмаганида;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг учдан икки қисми (66%) кластерлар томонидан шартнома шартлари 3 йил бажарилмаганини асословчи ёзма мурожаатлари бўлганда.

Кластер ташкил қилишда етиштириладиган ёки сотиб олинадиган пахта хом ашёсининг камида 50 фоизини ўзида қайта ишлаш қуввати мавжуд бўлган талабгорга устунлик берилади.

Фармонга асосан фермер хўжаликларига ўз вилоятидаги исталган пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилди. Илгари фақат ўз туманидаги кластерлар билан шартнома тузилган.

Кластерларнинг йиллик пахта ҳажми 30 минг тоннадан кўп бўлганда аудит ўтказишга халқаро аудиторлар жалб қилинади.