Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 ноябрдаги ялпи йиғилишида Халқ таълими ва АКТ вазирликларига раҳбар номзодини маъқуллаш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев ёзмоқда.

Шу куннинг ўзидаёқ президент тегишли фармонларни имзолади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига шу кунга қадар халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Шерматов Шерзод Хотамович номзоди маъқулланди. Шу муносабат билан у халқ таълими вазири лавозимидан озод этилди.

Шерматов Тошкент Давлат техника университетини (1993−1998 йилларда) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Молия вазирлиги Валюта иқтисод бош бошқармаси бош иқтисодчиси лавозимидан бошлаган.

2014 йилдан 2018 йилнинг июнига қадар Тошкентдаги Инха университети ректори, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирнинг биринчи ўринбосари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчиси, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари сифатида ишлаган.

Шерматов 2018 йилнинг июнь ойидан бугунга қадар ХТВ раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётган эди.

Халқ таълими вазири лавозимига эса шу кунгача Ўзбекистоннинг Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишлаб келаётган Саидов Бахтиёр Одилович номзоди маъқулланди.

Бахтиёр Саидов Хитойдаги элчи сифатида 2017 йил июндан бери ишлаб келаётган эди. У 2018 йилнинг апрель ойидан Ўзбекистоннинг Мўғулистондаги элчиси, 2019 йилдан эса — Филиппиндаги элчиси (қароргоҳи Пекинда жойлашган) лавозимларида ҳам фаолият юритаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан президент фармони асосида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Садиков лавозимидан озод этилганди.