Халқаро молия корпорацияси Sturgeon Emerging Opportunities янги венчур фондига 5 миллион долларгача инвестиция киритади. У ривожланаётган бозорлардаги йирик венчур инвестор Sturgeon Capital томонидан бошқарилади, деб хабар қилди IFC матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Инвестициялар технологик стартапларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантиришга йўналтирилади.

Sturgeon Emerging Opportunities финтех, компаниялар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик учун бизнес платформалар (business-to-business), агротехнологиялар, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларда стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

«Жамғарма янги бошлаётган тадбиркорларга ўз бизнесларини кенгайтириш, фаолият самарадорлигини ошириш ва узоқ муддатли иш билан таъминлаш имкониятларини яратишга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Фонд асосан Марказий Осиёдаги лойиҳаларга инвестиция киритишдан ташқари, Миср ва Покистон каби бошқа ривожланаётган бозорларда ҳам ишлаш ниятида. Sturgeon Capital ҳисоб-китобларига кўра, бу мамлакатлардаги IT-стартаплар бозори 2030 йилга бориб йилига 300 миллион долларга яқин рақамли даромад келтириши мумкин. Бироқ бу мамлакатлардаги стартаплар ҳозирда ўз маҳсулотлари ва хизматларини ишга тушириш ва кенгайтириш учун капитал тўплашда қийналмоқда, дейилади хабарда.

Sturgeon компаниясига инвестициялар IFC`нинг «Стартаплар катализатори» дастурининг бир қисми бўлиб, у ривожланаётган бозорлардаги инкубаторлар, акселераторлар ва фондларга инвестициялар киритиш йўли билан паст баҳоланган венчур капитал экотизимларидаги молиявий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Дастур юқори рискли бозорларни, жумладан, дунёнинг энг қашшоқ ва заиф мамлакатларини қамраб олади. 2016 йилда ишга туширилгандан буён дастур 21 фондга инвестиция киритиш орқали 24 мамлакатда 2800 дан ортиқ тадбиркорни, жумладан, 700 нафар аёлни қўллаб-қувватлади.