17 ноябрь куни Тошкент шаҳрида қор қатламининг қалинлиги 13 см ни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

pH (кислоталилик), электр ўтказувчанлик ва ион таркибини аниқлаш учун қордан намуналар олинган. Қордан намуна олишда ифлосланган қор қатлами (қизғиш, лой ранги) яхши кузатилган.

Ўзгидромет метеомайдончасидан 10:30 да олинган қор намуналари таҳлили қуйидагиларни кўрсатди: қорнинг pH 9,6 ни ташкил этди — ишқорли муҳит. Электр ўтказувчанлик 73,2 ни ташкил этди, бу анионлар ва катионларнинг унча катта бўлмаган концентрациясидан далолат бўлади. Атроф муҳитга кўп миқдордаги чангни келиши қорнинг кимёвий таркибини ўзгаришига олиб келди, унда чанг таркибий қисмларининг эриши ҳисобига кальций, магний, гидрокарбонатлар ионлари миқдори ошди.

16:30 да олинган қор намуналари таҳлили pH ишқорли муҳитга мос даражада қолганини кўрсатган. Электр ўтказувчанлик деярли бир ярим мартага пасайди, бу атмосферани тозаланганлиги тўғрисида далолат бўлади.

Фото: Ўзгидромет

Қордаги ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори сезиларли даражада эмас ва инсон саломатлигига зиён етказмайди.

Кун давомида Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосидаги муаллақ зарралар миқдори рухсат этилган меъёрдан ўртача 1,4 марта ошди.

Ёғинлар ёққанда биринчи ярим соатда ташқарида бўлиш тавсия этилмайди, чунки бу вақтда асосий ифлосланиш миқдори атмосферадан ювилади.

Аввалроқ Ўзгидромет Тошкентда ифлос қор ёғганига 4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлганини маълум қилган эди. Шунингдек, бу инсон саломатлигига зиён етказмаслиги айтилган эди.