11 май куни Вазирлар Маҳкамасининг тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари экспортини тартибга солиш тўғрисидаги қарори тасдиқланди.

15 майдан бошлаб мазкур маҳсулотлар бўйича экспорт шартномалари қийматини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш тартиби жорий этилади.

Минимал экспорт нархлари жорий этиладиган тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари рўйхати Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Рўйхатни шакллантиришда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси (ССП), шунингдек, «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзчармсаноат» ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмалари иштирок этиб, таклифлар киритади. Улар билан биргаликда ҳар ойда ички ва ташқи бозор конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида товарларнинг минимал экспорт нархлари тасдиқланади.

Минимал нархлар тўғрисидаги маълумотлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида, шунингдек, ССП ва уюшмаларнинг веб-сайтларида эълон қилиниши керак. Нархлар ССП сайтида эълон қилинган кундан бошлаб икки кун ўтгач кучга киради.

Маҳсулотларни хорижга минимал қийматдан паст нархларда сотиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, божхона органлари бу ҳақда 24 соат ичида Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментини хабардор қилиши, улар қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриши шарт.

Ташқи савдо операцияларида активларнинг репатриация қилиниши устидан назорат ушбу маҳсулотларнинг минимал экспорт нархларидан паст бўлмаган нархлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Ҳукумат қонунчилик ҳужжатларига маҳсулотларни (шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини) минимал нархлардан пастроқ экспорт қилган тадбиркорлар учун фойда солиғи бўйича берилган имтиёзларни бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартишлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, май ойи бошидан жорий этилган мева-сабзавот маҳсулотларининг тавсия этиладиган экспорт нархлари минимал мақбул нархларга алмаштирилмоқда. Дастлаб етказиб берувчиларга амалдаги нархларни тавсия этилганидан 20 фоиздан кўп бўлмаган қийматда пасайтиришга рухсат берилган эди, дея қайд этмоқда Spot.