Ижтимоий тармоқларда Зарафшонда олтин қазиш ниятида бўлган 40−50 кишини қум босиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан берган дастлабки муносабатида Навоий вилояти ФВБга ушбу ҳодиса юзасидан хабар келиб тушмаганини маълум қилди.

Вазирлик кейинроқ ҳолат ҳақида тўлиқроқ маълумот берди.

Унга кўра, ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув давомида 40−50 кишининг қум босиб қолганлигига оид маълумот ўз исботини топмади.

Аслида 13 ноябрь куни соат тахминан 22:00 ларда Конимех тумани «Караката» ОФЙ ҳудудида жойлашган Лолазор номли чўл ҳудудида бир гуруҳ фуқаро тупроқ таркибидан тилла қумларини кавлаб олиш билан шуғулланган ва кутилмаганда қум остида қолган. Оқибатда 4 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.

Суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Июнь ойида Навоий вилоятида ноқонуний равишда тилла қумларини қазиб олиш билан шуғулланган тўрт киши «электродвижок»дан чиққан ёқилғи тутунидан заҳарланиб, вафот этганлиги ҳақида хабар берилган эди. Яна уч нафар фуқаро шифохонага ётқизилганди.