Россиянинг яна саккизта олий ўқув юрти Ўзбекистонда ўз филиалларини очиш ниятида, деди Москва давлат университети ректори Виктор Садовничий 16 ноябрь куни Москва давлат университетида очилган иккинчи Россия-Ўзбекистон таълим форумида.

Виктор Садовничийнинг сўзларига кўра, учта филиалнинг очилиши имзоланишнинг якуний босқичида ва «яқин келажакда улар ўзбекистонлик талабалар учун ўз эшикларини очади».

Виктор Садовничий икки мамлакат ҳамкорлигининг сезиларли динамикасини ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича 63 та «йўл харитаси» амалга оширилмоқда ва 115 та ОТМ ўртасида 240 дан ортиқ шартномалар имзоланган.

Форумда, шунингдек, келгуси ўқув йилида ўзбекистонлик талабалар учун Россия олий ўқув юртларида бепул таълим олиш квоталари 750 ўринга кўпайтирилиши мумкинлиги, бу 2018 йилга нисбатан уч баробар кўп эканлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов айтиб ўтди.

Вазирнинг таъкидлашича, сўнгги уч йилда Россия томони федерал бюджет ҳисобидан ўзбекистонлик талабаларга Россия ОТМларида ўқиш учун ажратиладиган йиллик грант ўринларини босқичма-босқич ошириб бормоқда.

«Биз буни Россия томонининг мамлакатимиз иқтисодиёти учун малакали кадрлар тайёрлашга қўшган салмоқли ҳиссаси деб биламиз», — дея қўшимча қилди Абдуқодир Тошқулов.

Россия томони маълумотларига кўра, бугунги кунда Россия ОТМларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 43 минг нафарни ташкил этади. Охирги уч йилда республикадаги Россия олий ўқув юртларининг филиаллари сони 4 тадан 14 тага кўпайди, Тошкентда ҳам РУДН университетининг ваколатхонаси очилди.