22 октябрь куни Тошкентда Олий суд раиси Козим Комиловга тегишли Malibu русумли хизмат машинаси йўл транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов «Газета.uz»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса юз берганда Козим Комилов машинада бўлмаган. Автомобиль ҳайдовчиси эса ҳозирда тиббий муолажа олмоқда ва унинг соғлиғи айни пайтда яхши.

Азиз Абидов ҳайдовчи айни пайтда тиббий таътилдалиги ва соғлиғини тиклаши билан ишга қайтиши кутилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Қашқадарё вилояти Косон туманида ҳокимга тегишли Сaptiva автомашинаси йўлдан ўтаётган фуқарони уриб юборгани ҳақида хабар берилган эди.

Ноябрь ойида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимининг Captiva хизмат машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» январь-октябрь ойлари давомида содир бўлган 7684 та йўл-транспорт ҳодисасида 1964 киши ҳалок бўлгани, 6886 киши эса жароҳатлангани ҳақида ёзган эди. Бу рақамлар узоқ карантин чекловлари амал қилган 2020 йилдаги жами кўрсаткичлардан ҳам ошишга улгурганлиги айтилганди.