Қорақалпоғистонда ИИВ ходими пора билан қўлга тушгани айтилмоқда

Қорақалпоғистонда ИИВ ходими тадбиркорнинг маҳсулотини ЙПХ масканлари орқали Хоразм вилояти ҳудудига ўтказиш эвазига пора олган вақтда ушлангани айтилмоқда. У шериклари билан ҳар бир юк ортилган транспорт воситасига 3,5 млн сўмдан сўраган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик, жиноят содир этишга суиқасд қилиш ва пора бериш моддалари билан иш қўзғатилди.

Ўзбекистон Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилишни бошлади

Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шарифидаги халқаро аэропортни реконструкция қилиш, техник носозликлар ва жиҳозларни таъмирлашда ёрдам бериш учун 30 кишидан иборат техник гуруҳ юборди. Шунингдек, аэропортнинг 83 нафарга яқин афғон техник ходимлари Ўзбекистонда ўқитилади.

Ўзбекистонда умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилади

Фуқароларнинг Конституция ҳақидаги билимларини синовдан ўтказиш мақсадида Адлия вазирлиги ва Конституциявий суд умуммиллий имтиҳонни ўтказади. Имтиҳон икки босқичдан иборат бўлиб, 1 декабрь куни бошланади. Унда 15 ёшга тўлган ва ундан катта барча фуқаролар қатнашиши мумкин. Энг юқори натижани қайд этган иштирокчига 15 млн сўм берилади.

Электромобиллар учун янги намунадаги давлат рақами белгилари ишлаб чиқарилди

Ўзбекистонда электромобиллар учун алоҳида — янги намунадаги давлат рақами белгилари ишлаб чиқарилди. 1 ноябрга қадар электромобиллар учун расмийлаштирилган давлат рақами белгилари бепул алмаштириб берилади.

«Ўқитувчиларга юклаш ҳолатлари бор». Абдуқодир Тошқулов ОТМдаги муаммолар ҳақида

ОТМ вазири Абдуқодир Тошқулов таълим муассасаларида гуруҳ мураббийи ўрнига жорий этилган «тьютор» лавозими билан боғлиқ муаммоларга тўхталар экан, уни ўқитувчиларга юклаш ҳолатлари учраётганини айтди. «Мақсад профессор ўқитувчиларни ўзига асосий ишига хос бўлмаган ишлардан озод қилиш, у сифатли дарс ўтсин», — деди у. Вазир шунингдек, дарсга кечикиб ва хатто тайёрланмасдан келаётган ўқитувчилар виждонан дарс ўтмаётганини танқид қилди.

Қашқадарёда чигирткадан экспортбоп ун ишлаб чиқарилади

Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа қиймати 4,1 млрд сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Унинг ҳар килоси 3,7 доллардан сотиш кўзда тутилган. Чигирткаларни далалардан йиғиб олиш учун эса аҳоли вакиллари жалб қилинади.

Тошкентда ёшлар фестивали бошланмоқда. Тадбирлар рўйхати

Тошкентда ноябрь-декабрь ойларида «Тошкент ёшларни севади» шиори остида Ёшлар ойлиги ўтказилади. Тадбир доирасида спорт фестиваллари, интеллектуал лойиҳалар, маданият ва санъат, мода ва дизайн кўргазмалари, Poytaxt party концерт дастурлари ва бошқалар бўлиб ўтади. Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев «кўплаб сюрпризлар» борлигини маълум қилди.

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларга изоҳ берди

Энергетика вазирлиги энергоресурсларга бўлган мавсумий талаб билан бир вақтда уларни етказиб бериш ҳажмининг ўсиши электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлаётганини маълум қилди. Шунингдек, чанг бўрони, сув ресурслари танқислиги, энергоресурслардан оқилона фойдаланмаслик ва тармоққа ноқонуний уланишлар электр таъминотига сезиларли таъсир кўрсатган.

Беҳзод Мусаев тунда Тошкент шифохоналаридаги вазиятни ўрганди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Беҳзод Мусаев тунда пойтахт шифохоналарида бўлиб, болалар ўртасида ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ҳолатини ўрганди. Кейин у эрталаб соат 4:30 да йиғилиш ўтказди, шундан сўнг 600 дан зиёд қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сурхондарёда ҳарбий машғулотлар ўтказади

Ўзбекистон ва Қозоғистон қуролли кучларининг ҳамкорликдаги ўқув машқлари 17−24 ноябрь кунларида «Термиз» полигонида бўлиб ўтади. Унда Су-30СМ қирувчилари, ҳарбий самолётлар ва учувчисиз қурилмалардан фойдаланиш режалаштирилган.

Ўзбекистонлик қизлар ўзининг сунъий интеллект лойиҳасини Путинга тақдим этди

Ўзбекистонлик қизлардан ташкил топган IT Queens жамоаси AI Journey 2021 конференциясида қатнашиб, дипфейк материалларни аниқлай оладиган ишланмани тақдим этди. Тадбир иштирокчилари орасида бўлган Россия президенти Владимир Путин лойиҳа муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

Жиззахда президент мактаби очилди

Жиззах вилоятида президент мактаби очилди. Мактабга 10 000 нафар номзод орасидан 144 нафар ўқувчи қабул қилинди. Ушбу мактаб 70,7 млрд сўм эвазига давлат бюджети ҳисобидан қурилган.

Андижонда 6 киши зўрланганини айтган аёл туҳмат учун жавобгарликка тортилди

Андижон туманида 6 нафар эркак томонидан дала шийпонида зўрланганини айтган 20 ёшли келин туҳмат қилганликда айбдор деб топилди. Суд унга 2 йил-у 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Ўзбекистоннинг энг даромадли банклари рўйхати маълум қилинди

Учинчи чорак якунига кўра, деярли барча банкларнинг молиявий кўрсаткичлари ижобий даражада сақланиб қолди. Spot`нинг ёзишича, энг даромадли банклар учлигига фақат давлат иштироки юқори бўлган — Ўзсаноатқурилишбанк, Ўзмиллийбанк ва Ипотека банк кирган. 4 та тирожат банки эса ҳануз зарар кўришда давом этмоқда.

«Инвестиция дастури вазирликда эмас, балки маҳалладан бошлаб шаклланади» — президент

Шавкат Мирзиёев келгуси йилдан маҳаллалар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда инвестиция дастурлари ишлаб чиқилишини, бунга эса ҳоким ёрдамчилари масъул бўлишини маълум қилди. «Бундан буён инвестиция дастурларини ҳокимларнинг ўзи маҳаллабай тамойили асосида ишлаб чиқади. Яъни, дастур вазирликда эмас, балки маҳалладан бошлаб шаклланади», — деди давлат раҳбари.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Жаҳон банки Ўзбекистонда ёшлар бандлиги муаммолари ва уларнинг ечимларини санаб ўтди

ОТМга киришнинг қийинлиги, бизнес бошлашда имтиёзли кредит олишнинг чеклангани ва бошланғич капиталнинг йўқлиги, мактабларда касбга йўналтириш амалиётининг деярли йўқлиги ва бошқа муаммолар — Жаҳон банки Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш муаммолари ва уларнинг потенциал ечимларига бағишланган янги ҳисоботини эълон қилди.

Яна «саводсизликнинг ўттиз йили»ми?

Бир гуруҳ тилшунослар ёпиқ эшиклар ортида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартишлар киритиш масаласида ҳал қилувчи қарорга келгани айтилмоқда. Таъкидланишича, алифбодаги sh, ch, oʻ ва gʻ ҳарфларини ş, ç, ō ва ğ шаклига ўзгартириш ҳамда ñ ҳарфини киритиш таклифлари маъқулланган. «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов ушбу қарорнинг илмий асосланмагани ва келажакда қандай ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келиши ҳақида ёзди.