14 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг махсус вакили Исматулла Эргашев Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида маҳаллий расмийлар билан учрашувда Ўзбекистон Мозори Шарифдаги Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий халқаро аэропортини реконструкция қилишини маълум қилди. Бу ҳақда Tolonews хабар бермоқда.

Афғонистон Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирлиги мутасаддилари билан учрашувда транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳам иштирок этган.

Исматулла Иргашев вилоят расмийларидан ташқари, Афғонистон Транспорт ва авиация вазирлиги вакиллари билан ҳам учрашди.

Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон афғонларга аэропортни реконструкция қилиш, техник носозликлар ва жиҳозларни таъмирлашда ёрдам бериш учун 30 кишидан иборат техник гуруҳ юборган.

«Биздан аэропорт фаолиятини тиклаш ва зарарланган ускунани таъмирлашда ёрдам беришга чақиришди. Шу боис Ўзбекистондан 30 нафар техник ходим олиб келдик. Тез орада аэропорт фойдаланишга топширилади», — дея Tolonews унинг сўзларини келтирмоқда.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Афғонистонга турли соҳаларда, хусусан, инфратузилма соҳасида ёрдам беришга ҳаракат қилади.

Шу билан бирга Балх маҳаллий расмийлари Ўзбекистонни Афғонистон билан иқтисодий соҳаларда ва икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтиришда ҳамкорлик қилишга чақирди.

«Афғонистоннинг Ўзбекистон олдидаги электр энергияси бўйича қарзи юзасидан ҳам музокаралар бўлиб ўтди ва биз банк тизимидаги муаммолар ҳал бўлгач, тўловни тўлашимизни ва Ўзбекистон импорт қилинадиган электр энергиясини қисқартирмаслиги кераклигини айтдик», — деди Балх вилояти губернатори Қудратуллоҳ Ҳамза.

«Ўзбекистон жамоаси аэропортнинг барча жиҳозлари ва ҳар бир участкасини таъмирлаб, қайта ишга туширади. Шунингдек, Мавлоно аэропортида вазирликнинг 83 нафарга яқин техник ходимларини Ўзбекистонда ўқитади», — деди Афғонистон транспорт ва авиация вазири ўринбосари Ҳасибулла Соруш.

Октябрь ойи охирида инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов «Толибон» Афғонистоннинг Ўзбекистондан электр энергияси импорти бўйича барча қарзларини тўлиқ тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Кобулга электр энергияси етказиб беришни «бир соатга ҳам» тўхтатмаганини қайд этган.

Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларидаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилди. Гап август ўртасида «Толибон» қўлига тушмаслиги учун АҚШ томонидан музлатилган Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлари ҳақида кетмоқда.