Тошкентда 15 ноябрь куни «Тошкент ёшларни севади» шиори остида «Ёшлик ойлиги» ёшлар фестивали бошланмоқда. Тадбирлар декабрь ойи охиригача давом этади, деб хабар берди «Газета.uz»га пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — «ёшларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини уйғотиш, ташаббускор ва иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиш, илм-фанга қизиқишни ошириш, ёшлар ўртасида ижод, маданият ва санъат, спортни ривожлантириш, талабалар, битирувчилар ва уюшмаган ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишида кўмаклашиш», — дейилади хабарда.

«Ёшлар ойлиги» доирасида 6 та йўналишда йирик лойиҳалар ўтказилади:

  • «Ёшлар спорт фестивали»;
  • «Интеллектуал лойиҳалар фестивали»;
  • «Ёшлар маданият ва санъат фестивали»;
  • «Анъанавийлик ва замонавийлик» мода ва дизайн кўргазмалари;
  • «Тажриба ва маҳорат»;
  • «Тошкент ҳарбий ватанпарварлик фестивали».

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги истироҳат боғлари, савдо мажмуалари ва аҳоли турар-жой массивларида Poytaxt party навбатдаги концерт дастурлари ташкил этилади.

Ёшлар ўртасида футзал, волейбол, баскетбол, шахмат, стол тенниси, Street Workout, армрестлинг бўйича мусобақаларнинг туман ва шаҳар босқичлари ҳам ташкил этилади. Мазкур спорт тадбирларига 25 минг нафардан ортиқ пойтахтлик ёшларни жалб этиш режалаштирилган. Лойиҳа якунида, 27 ноябрь куни Юнусобод туманидаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида спорт байрами якунлари бўйича тақдирлаш маросими ҳамда концерт дастури бўлиб ўтади.

Интеллектуал лойиҳалар фестивали доирасида «Заковат», «Что? Где? Когда?», «Мунозара» дебат беллашувлари, CUDC дебат чемпионати ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирларда 1000 нафар ёшлар иштирок этиши кутилмоқда. 20 ноябрь куни Hilton Tashkent City меҳмонхонасида интеллектуал лойиҳалар фестивали якунлари бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Ёшлар маданият ва санъат фестивали доирасида «Туркистон» саройида Dance project movement фестивали, Univervision, «Қувноқлар ва зукколар» танловлари ўтказилади. Мазкур лойиҳа доирасида 15 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олиш режалаштирилган.

«Анъана ва замонавийлик» ёшлар мода ва дизайн кўргазмаларида модельер ва дизайнерларнинг маҳорат дарслари, ёш дизайнерларнинг муаллифлик ишлари намойиши, «Миллий либослар» фестивали, ҳунармандлар ва ёш рассомларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилади. Мазкур лойиҳаларга 500 нафар ёшларни жалб этиш режалаштирилган.

«Тажриба ва маҳорат» тадбири «Муваффақият сирлари» лойиҳаси, киберспорт ёшлар чемпионати, Tashkent Bowling Championship, InoTechExpo рационализаторлик таклифлари, техник лойиҳалар ва ишланмалар кўргазмасини ўз ичига олади.

«Тошкент ҳарбий-ватанпарварлик фестивали» доирасида ҳарбий техникалар намойиши, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, «Улуғимсан Ватаним» шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги концерт дастури, вилоятдаги ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасаларига ташрифлар Тошкент, Job Fest фестивали, «Чегара билмас меҳр» лойиҳаси доирасида пойтахтдаги Меҳрибонлик уйлари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари тарбияланувчилари томонидан тайёрланган буюмлар савдо ярмаркаси ҳамда концерт дастури намойиш этилади.

Бундан ташқари, «Кўҳна ва навқирон Тошкент» Республика илмий-амалий конференцияси, Тошкент шаҳридаги мактаб ўқувчилари учун таъсис этилган «Ҳоким стипендияси» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилади.

Ушбу лойиҳалар 50 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олиши режалаштирилган.

Декабрь ойининг сўнгги ўн кунлигида «Янги Ўзбекистон ёшлари — бирлашинг» шиори остида ёшлар форуми ташкил этилади.

«Юқоридаги лойиҳа ва тадбирларнинг амалга оширилиши 200 мингдан ортиқ ёшларни кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ва фойдали ташкил этиш имконини беради», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 9 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида фестиваль якунига қадар «кўплаб сюрпризлар» борлигини маълум қилди.

«Бизни жуда кўп сюрпризлар кутиб турибди. Ҳозир айтсам, қизиқроқ бўлади. Ёшлар ойлиги охиригача кўпроқ сюрпризлар бўлади», — деди у.

Пойтахт ҳокимлиги раҳбарининг маълум қилишича, Тошкент ҳокимлиги 56 нафар номзодни Франциянинг Le Cordon Bleu Paris пазандачилик санъати ва меҳмонхона саноати халқаро мактабига (50 нафари ҳокимликдан, 6 нафари мактабнинг ўзидан) ўқишга юбориш ҳуқуқини олган. Ушбу стипендияларнинг 10 таси ёшлар фестивали доирасида ўйналади.

«Биз турар жой, машғулотлар, парвозларни тўлиқ тўлаймиз — барча харажатлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қопланади. Ушбу стипендияларнинг 10 таси фестивалнинг энг фаол иштирокчилари ўртасида ўйналади… Тошкентдаги Breadly новвойхонаси раҳбари Le Cordon Bleu Paris`да малакасини оширгач, ўз корхонасини очганини мисол қилиб келтирмоқчиман», — деди ҳоким.

Биринчи ҳафта тадбирлари

Тадбир номи

Ўтказиш вақти

Жойи

Интеллектуал лойиҳалар фестивали

«Заковат» интеллектуал ўйини

15 ноябрь, 12:00−18:00

Hilton Tashkent City меҳмонхонаси

«Что? Где? Когда?» интеллектуал ўйини

16 ноябрь, 12:00−18:00


Hilton Tashkent City меҳмонхонаси

Quiz интеллектуал ўйини

17 ноябрь, 10:00−15:00

Ёшлар ижод саройи

«Мунозара» дебат беллашувлари

18 ноябрь, 10:00−15:00

Ёшлар ижод саройи

CUDC дебат чемпионати

20 ноябрь, 10:00−16:00

Hilton Tashkent City меҳмонхонаси

Катта концерт дастури ҳамда интеллектуал лойиҳалар ғолибларини тақдирлаш маросими

20 ноябрь, 18:00−20:00

Magic City боғи

Ташкилотчилар тадбирлар жадвалига ўзгартиришлар киритишлари мумкин.