Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ОТМлар раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилар билан шанба куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий этилган «тьютор» лавозими билан боғлиқ муаммоларга тўхталди.

Унинг сўзларига кўра, олий таълим муассасалари раҳбарлари тавсияси асосида гуруҳ мураббийи институти ўрнига «тьютор» лавозими қабул қилинганини қайд этди.

««Тьютор"ликни жорий қилишдан мақсад нима? Профессор ўқитувчиларни ўзига асосий ишига хос бўлмаган ишлардан озод қилиш, у сифатли дарс ўтсин», — деди вазир.

Таъкидланишича, ҳануз барча таълим муассасаларида ҳам мазкур лавозим ташкил этилмаган. Бунга эса молиявий етишмовчилик ва бошқалар боҳона сифатида кўрсатилмоқда.

«Энди ревизия ташкил эттираман. Аудит бошлади текширишни… Ўқитувчиларга юклаш ҳолатлари бор. Ҳурматли ректорлар, ҳурматли раҳбарлар бир-биримизни ҳурмат қилайлик, бу шунчаки киритилмади. Буни киритишни ўзи бўлмади», — деди у.

ОТМ вазирининг айтишича, ушбу лавозимга талабгорлар етарлича.

«"Тьютор»нинг иш ҳақи 4−4,3 млн сўм. Конкурс бўлиб ётибди, ишга келишга. Халқ таълимида ўқитувчи лавозимидан қарийб 2 баравар ортиқ. Қанақа параметрлар бўйича ишга олишни ҳам айтдик… Вақт жуда қисқа. Буни тўлдириб, фан ўқитувчисининг ўзига шароит қилиб бериш керак, у фан билан шуғулланиши лозим. Бу алоҳида назоратга олинади», — деди Абдуқодир Тошқулов.

Қолаверса, ўқитувчининг юкламаси 1000 соатни ташкил қилаётгани, бу (1 ставкада дарс юкламаси ўртача 800 соат) керагидан ортиқроқ экани ҳам қайд этилди.
Вазир ўқитувчиларнинг масъулиятсизлигини ҳам танқид қилди.

«Ўқитувчиларимизнинг ҳам „бир қисми соғ бўлсин“. Виждонан дарс ўтмаяпти ҳозир. Бемалол ярим соатгача аудиторияга кечикиб келиш, тайёр бўлмай келиш ва ҳакозо… Энг кўп блогерлар ва ОАВ ходимлари, ота-оналар олий таълимдан норози постлар қўйишади. Мен уларни тўғри қабул қиламан», — деди у.

Таъкидланишича, талабалар сони 800 мингга яқинлашган ва уларнинг ҳар биридан эътироз келиб тушмоқда.

«Қайси хонадон борки, бунда олий таълим муассасаси даргоҳини кўрмаган одам йўқ. Ота-она ё фарзанд, ё келин кимдир олий таълим билан боғланган. Улар ҳамма нарсани эшитаяпти, кўраяпти. Битта йўли ўзимизни ростлаб оламиз — муваффақиятга эришамиз», деди Абдуқодир Тошқулов.

У шунингдек, таълим тизимидаги барчадан ўзига шахсан мурожаат қилиб, тизимдаги муаммоларни айтишини сўради.

«Мени „личкамга“ ёзинг қани, вазирлик билан боғлиқ нима бюрократия қолди? Марказлашган нима коррупцион схема қолди? Фақат шаффофлик, адолат, бу тизимга доғ тушмаслик керак, деган ғояда ишлаяпмиз. Лекин пастдан жуда кўп сигналлар келиб туради. Бекорга назорат бўлимлари очилмади», — деди вазир.

Аввалроқ, вазир ушбу йиғилишда тизим тўлиқ рақамлаштирилиши, энди қоғоз журнал, рейтинг дафтарча бўлмасилиги, талаба гувоҳномаси ҳам ID картага ўтказилишини маълум қилгани ҳақида ёзган эдик.