Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахт шифохоналаридаги вазиятни ўрганди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ёш болалар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда. Ушбу хасталикларнинг энг юқори кўрсаткичи эса Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келяпти. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар сезиларли ортган.

«Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, 13 ноябрь тунда пойтахт шифохоналаридаги вазият ўрганилди», — дейилади хабарда.

14 ноябрь тонгги соат 04:30да Тошкент шаҳрида болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазири бошчилигида шошилинч йиғилиш ўтказилган.

Натижада ўша куннинг ўзида ўрганиш хулосалари таҳлил қилиниб, пойтахтдаги шифо масканларида 600 дан зиёд қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилди ҳамда она ва болаларга даволанишлари учун етарли шароитлар яратилган.

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни депутатлар соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Беҳзод Мусаев номзодини маъқуллаган эди. Шундан сўнг, президент фармони билан у вазир сифатида ишга киришди.

У мазкур лавозимда Абдухаким Хаджибаевнинг ўрнини эгаллади. Собиқ вазир эса Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раисига ўринбосар бўлди.