Ўзбекистоннинг IT Queens жамоаси AI Journey 2021 халқаро конференциясига бағишланган танлов номинацияларидан бирида ғолиб чиқди, деб хабар берди Spot IT Park матбуот хизмати маълумотларига таяниб.

Жамоа аъзолари — Юлиана Луценко, Анастасия Королева, Лана Насрулина, Ксения ва Анастасия Бадян 2 ҳафта ичида сунъий интеллект соҳасида лойиҳа ишлаб чиқишди. Уларнинг ишланмаси 99% аниқлик билан дипфейк материалларни аниқлай олади.

Лойиҳа Ўзбекистон ишлаб чиқувчилари томонидан тақдим этилган 500 дан ортиқ ишланмалар ичида энг яхшиси деб топилган. IT Queens жамоаси Data Lady номинациясида ғолиб сифатида танловнинг халқаро босқичига чиққан.

Тадбир иштирокчилари орасида Россия президенти Владимир Путин ҳам бўлган. Россия раҳбари бундай ишланмалар ёрдамида одамлар учун фойдали бўлган «қизиқарли, чиройли, оммабоп» маҳсулотлар яратиш мумкинлигини таъкидлади.

«Энг муҳими, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар ёрдамида сиз одамларнинг ҳуқуқлари замонавий технологиялар орқали бузилган тақдирда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлларини топаяпсиз», — деб таъкидлади Путин.

Spot аниқлик киритишича, дипфейк (deepfake) - бу инсоннинг ҳақиқий фотосурати ёки видеоси асосида сунъий интеллект томонидан яратилган синтезланган тасвир. Мазкур технология шахсни шантаж қилиш, обрўсизлантириш ёки алдаш учун кўпроқ фойдаланилади.