Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 2022 йилда қашшоқликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазифалар, шунингдек, ҳоким ўринбосарлари фаолиятини самарали ташкил этишга тўхталиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

«Ҳар бир ҳудудда сайловолди учрашувларида халқимиз билан бирга катта-катта марраларни белгилаб олдик», — деди давлат раҳбари.

«Бугунги кунга қадар шаклланган дастур лойиҳалари эскича қолипда тайёрланган ва бирортасида „эга-кесим“ йўқ, бирорта вилоят ҳокими буни ўзидан ўтказмаган», — дея танқид қилди у.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, келгуси йилдан маблағлар ва яратилаётган имкониятлар маҳалланинг эҳтиёжидан келиб белгиланади.

«Бунда маҳаллада иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш асосий мезон бўлади. Бу ишларни амалга оширишга ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади», — деди президент.

Йиғилишда келгуси йилда қашшоқлик ва ишсизлик даражасини пасайтириш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши маълум қилинди:

  • оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 трлн сўм берилади;
  • пахта ва ғалладан бўшайдиган 200 минг гектар майдоннинг 80 минг гектари аҳолига берилади;
  • мева-сабзавот лойиҳаларига 100 млн доллар ва мева-сабзавот кластерларига 2 трлн сўм ресурс йўналтирилади;
  • аҳоли бандлигини таъминлашда 500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун келгуси йилда 100 млн доллар йўналтирилади;
  • аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади.

Давлат раҳбари ҳоким ёрдамчилари томорқаси бўлган хонадонларда 100 та парранда, 20 та қуён, 5−6 та қўй ва эчки, камида 5−10 та курка, 5 та асалари уялари боқилишини ташкил этишга кўмаклашиши зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, президент келгуси йилда Давлат инвестиция дастури доирасида 18,5 трлн сўмлик лойиҳалар амалга оширилишини айтди.

«Бундан буён инвестиция дастурларини ҳокимларнинг ўзи маҳаллабай тамойили асосида ишлаб чиқади. Яъни, дастур вазирликда эмас, балки маҳалладан бошлаб шаклланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 млрд долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши ва 305 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

«Мисол учун, ҳудудлардаги махсус иқтисодий зоналарнинг ташқи муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш учун кейинги йилда бюджетдан 2 трлн сўм маблағ йўналтирилади», — деди у.

Йиғилишда маҳаллаларни ривожлантиришга ташқи инвестиция ва молиявий ресурсларни ҳам йўналтириш масаласига тўхталиб ўтилди.

«Келгуси йилда халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобига 109 та лойиҳа доирасида 2,2 миллиард доллар маблағ ўзлаштирилиб, 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади», — деди давлат раҳбари.

Қўшимча қилишинича, эндиликда халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган маблағларни ҳам маҳаллага боғлаш тизими жорий этилади.