Фуқаро А.У. Қорақалпоғистонда олиб бораётган тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиб, маҳсулотини ЙПХ масканлари орқали Хоразм вилояти ҳудудига ўтказишга рухсат бериш эвазига бир гуруҳ шахслар томонидан пул талаб қилинаётгани юзасидан ариза келиб тушган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хабар беришича, шу асосда 2−3 ноябрь кунлари ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси ва агентлик ҳамкорлигида тадбир ўтказилган.

Унда фуқаро К.У. тадбиркордан 50 та юк машинаси учун 3,5 млн сўмдан жами 175 млн сўм миқдоридаги пулни пора сифатида олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинди.

Дастлабки суриштирувда, К.У. қўлга киритилган пул маблағларини шериги А.Х.га олиб бориб бериши кераклигини, у эса ушбу пулларни Қорақалпоғистон ИИВ ходимларига бериши лозимлигини маълум қилди. Шунга кўра, шериги А.Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилди.

Ушбу аризага асосан ўтказилган тадбирнинг навбатдаги қисмида фуқаро А.Х. жами 50 та юк машинасини навбатма навбат ЙПХ масканидан ўтказиб олишга келишиб, 10 та маҳсулот ортилган юк машиналари учун 35 млн сўм миқдоридаги пул маблағларини олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинди.

Ўз навбатида, А.Х. тадбирни давом эттиришини маълум қилади ва ҳолат бўйича ариза билан мурожаат этади. Келишувга асосан «Шадли аул» ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган, Қорақалпоғистон ИИВ ходими Р.Э. вақт оз қолганлиги ва тонг отгунигача улгуриш кераклиги айтиб, 3 та маҳсулот юкланган транспорт воситаларинигина ўтказа олишини билдиради.

«Аризага мувофиқ, ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон ИИВ ходими Р.Э. фуқаро А. Х.дан пул маблағларини олган вақтда жиноят устида қўлга олинди», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан юқоридаги шахсларга нисбатан Хоразм вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми (Фирибгарлик) ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 211-моддаси 3-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.