Адлия вазирлиги Конституциявий суд билан хамкорликда фуқароларнинг Конституция ҳақидаги билимларини синовдан ўтказиш мақсадида умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилади, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Имтиҳонда 15 ёшга тўлган ва ундан катта барча фуқаролар қатнашиши мумкин. Унда иштирок этиш ихтиёрий, бепул ва барча учун очиқ, дея қайд этди Адлия вазирлик.

Умуммиллий Конституция имтиҳони шартлари

Имтиҳон 2 босқичда ташкил этилади.

1-босқич — тест синови. 1 декабрь куни соат 09:00 дан 13:00 гача онлайн тарзда бўлиб ўтади.

Ҳар бир иштирокчи 8-dekabr.adliya.uz сайтидан рўйхатдан ўтиши керак. Рўйхатдан ўтиш 15 ноябрдан 30 ноябрга (шу куни ҳам) қадар давом этади.

Тест синови 20 та тест саволи ва 1 та ижодий саволдан иборат. Саволларнинг барчасига энг қисқа муддатда тўғри жавоб берган иштирокчилар орасидан 50 нафари танлаб олиниб, уларнинг ижодий саволга берилган жавоблари кўриб чиқилади.

Баҳолаш натижасига кўра энг юқори балл тўплаган 10 нафар иштирокчи навбатдаги босқичга ўтади.

2-босқич — суҳбат. Мазкур босқич 8 декабрь — Конституция байрами арафасида ташкил этилиб, бунда ҳар бир иштирокчига 10 тадан савол берилади.

Якунда энг юқори натижани қайд этган 3 нафар иштирокчи ғолиб деб топилади.

Муносиб номзодлар бўлмаган тақдирда ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан ғолиблар аниқланмаслиги мумкин.

2-босқич жараёнлари онлайн транслация қилинади.

Ғолиблар қуйидагича тақдирланади:

  • 1-ўрин — 15 млн сўм;
  • 2-ўрин — 10 млн сўм;
  • 3-ўрин — 5 млн сўм.

Имтиҳонга аҳолини кенг жалб этиш бўйича куратор сифатида волонтёрлар (кўнгиллилар) ҳам иштирок этиши мумкин. Бунда энг кўп иштирокчи жалб этган 3 нафар волонтёр махсус эсдалик совғалари билан тақдирланади.