Қашқадарёлик тадбиркор Музаффар Ҳамзаев вилоят инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда «Халқ сўзи online» хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, лойиҳа қиймати 4,1 млрд сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва ҳар килоси 3,7 доллардан сотилади. Шунингдек, 10 та янги иш ўрнини яратиш имконияти пайдо бўлади.

Таъкидланишича, чигиртка таркибида оқсил миқдори кўп бўлгани боис бутун дунёда чигиртка унига талаб жуда юқори.

Айни пайтда чигиртка унини экспортга чиқариш учун тадбиркор Музаффар Ҳамзаевнинг «Merry-Cricket» масъулияти чекланган жамияти ва Саудия Арабистонидаги ҳамкорлар ўртасида шартнома имзоланган.

«Чигирткани далалардан йиғиб олиш учун аҳоли вакиллари жалб қилинади. Махсус тўр қопларда ҳашаротларни йиғиб топширгани учун уларга тегишли миқдорда ҳақ тўланади. Буям аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Чигиртка уни ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида чигирткалар чатиштирилади ва қайта ишлаш учун махсус етиштирилади», — деди вилоят инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавланов.

Мазкур лойиҳаган Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1,5 млрд сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Қўшимча қилинишича, чигирткани бартараф этиш учун Қашқадарё вилоятида ҳар йили 130 минг гектар майдонга кимёвий ишлов берилади. Бунга эса 10 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб келинган.