Тошкент шаҳри Чилонзор туманида BYD Han автомашинасининг 22 ёшли ҳайдовчиси ҳудудга жалб қилинган йўл-патруль хизмати инспектори Хумоюн Шариповни уриб юборди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа 12 май куни соат 19:20 атрофида Лутфий кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи ҳаракати инспекторда шубҳа уйғотган ва у ҳайдовчига жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхтатишга ишора қилган.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган фуқаро О.А. инспекторнинг қонуний талабларига бўйсунмай, бошқарувни давом эттирган. 150−200 метр ўтиб ортига қайрилиб олган. Шунда ЙПХ инспектори қайта тўхташ ишорасини бериб, автомашиналар ҳаракатини тўлиқ тўхтатган.

О.А. ИИО ходимининг қонуний талабларини қасддан бажармаган ҳолда инспекторни устига машинасини ҳайдаб, уни уриб юборган. Оқибатда ходим Ҳумоюн Шарипов иккала сон суяги синиши ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.