Президент томонидан имзоланган қонун билан заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ва айрим болалар оромгоҳлари эгаларига солиқ имтиёзлари берилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, 2024 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қимматбаҳо тошларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ҚҚСдан озод қилинади.

Солиқ қўмитаси бу «маҳаллий заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларни хомашё ресурслари билан таъминлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, туризмни ривожлантириш мақсадида» амалга оширилаётганини қайд этди.

Бундан ташқари, касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйларининг ва дам олиш зоналарининг мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдаси 2026 йил 1 январгача фойда солиғидан озод қилинади.

«Туризм тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, ушбу дам олиш уйлари ва дам олиш зоналари жойлаштириш воситалари сифатида мажбурий сертификатлаштиришдан озод этилади.