13 май куни Андижон вилоятида 6 нафар эркак дала шийпонида 20 ёшли келиннинг номусига теккани бўйича хабарлар тарқалган эди. Ўшанда Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Май охирига келиб ИИВ тергов жараёнлари давомида жабрланувчи О.О. «иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганини маълум қилгани» ҳақида баёнот берганди. Унда келинчак «ҳеч ким зўрлаб номусига тегмагани, айрим шахслар моддий манфаатдор бўлиш эвазига уни зўрлаб номусига текканлиги ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилганини» айтганди.

Шундан cўнг, Ҳозирда фуқаро О.О. ва бошқаларнинг туҳмат қилганликлари ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мазкур жиноят иши 10 сентябрь куни ЖИБ Бўстон туман суди, ЖИБ Андижон туман суди биносида, очиқ суд мажлисида, туман судининг раиси М.Рузиматов бошчилигида кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Суднинг якуний ҳукмига кўра, фуқаро О.О. Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмининг «а» бандида (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 2 йил-у 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Судланувчига сутканинг соат 22:00дан соат 6:00гача бўлган вақтда (касалхонада тиббий муолажа олиш вақти истисно) яшаш жойидан чиқиши чекланди.

Қолаверса, унга Андижон туман ИИБнинг рухсатисиз яшаш ва иш жойини ўзгартириши ҳамда Андижон вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиш тақиқланди. Озодликни чеклаш жазоси Андижон туман ИИБ бошлиғи томонидан назорат қилинади.

Жазони ўташ муддати фуқаро О.О. Андижон туман ИИБда ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ҳисобланади. Судланувчига нисбатан қўлланилган шахсий кафиллик эҳтиёт чораси ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг бекор қилинади.

Жиноят иши 4-ноябрь куни У.Каримов раислигида Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан аппеляция протести кўриб чиқилган.

Якунда ЖИБ Бўстон туман судининг 2021 йил 10 сентябрдаги О.О.га нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Ҳукмнинг тавсиф қисмига «ҳомиладорлиги каби ҳолатни жазони енгиллаштирувчи баҳолаш» ҳақида аниқлик киритилди ва аппеляция протести қисман қаноатлантирилди.