Жиззах вилоятида президент мактаби очилди, дея хабар берилди Ўзбекистон 24 телеканалининг «Янгиликлар 24» информацион дастурида.

Маълум қилинишича, мактабга 144 нафар ўқувчи қабул қилинди. Улар 10 000 нафар номзод орасидан бир неча босқичли синовлардан сўнг танлаб олинди.

Фото: Видеодан лавҳа

Хабарда таъкидланишича, мактаб 70,7 млрд сўм эвазига давлат бюджети ҳисобидан қурилган. Мактабда 50 ўринли кутубхона мавжуд бўлиб, 9500 дан ортиқ китоб ва қўлланмалардан иборат фонд мавжуд. Бундан ташқари бино ётоқ ва дам олиш, 120 ўринли ошхона билан таъминланган.

Фото: Видеодан лавҳа

«Мен Янги Зелландиядан келдим ва Жиззахдаги президент мактабида инглиз тилидан дарс бераман. 25 йиллик тажрибага эга педагог сифатида дарс бериш учун Ўзбекистонни маъқул кўрдим. Бунга сабаб ўқувчиларнинг билим олишга қизиқиши жуда кучли эканлиги ва тиришқоқлиги», — дейди ўқитувчи Пол Болтер.

Мактабдаги ўқув-тарбия тизими Халқаро таълимнинг Cambridge мезони ҳамда маҳаллий таълим тизими интеграциялашган ҳолда ташкил қилинган.

Фото: Видеодан лавҳа

«Бундан ташқари ўқувчиларнинг иқтидори аниқ фанлар ва технологияларга қизиқиши, яратувчанлик салоҳиятини ўстиришга хизмат қиладиган робототехника, моделлаштириш, креатив ижод тўгараклари, физика, кимё, биология каби табиий фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштириш имконини берадиган лаборатория хоналари ташкил этилган», — дейилади хабарда.

Президент мактаблари агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирда тўртта ҳудудда — Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивада президент мактаблари фаолият юритмоқда. 2021 йилда Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Андижон вилоятларида президент мактаблари қурилиши режалаштирилган.

Январь ойида «Газета.uz» 2021 йилда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яна 10 та президент мактаби бунёд этилиши ҳақида ёзган эди. Андижондаги президент мактаби шаҳар ҳокимияти ва Андижоннома таҳририяти ўрнида қурилиши режалаштирилганлиги айтилган.

Июль ойида 2021−2022 ўқув йилидан президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз давлат ОТМларига ўқишга қабул қилиниши ҳақида хабар берилган эди.