Kun.uz нашрининг хабар беришича, бир гуруҳ тилшунос олимлар ёпиқ эшиклар ортида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш бўйича узил-кесил қарорга келишган. Алифбодаги sh, ch, oʻ ва gʻ ҳарфларини ş, ç, ō ва ğ шаклига ўзгартириш ҳамда ñ ҳарфини киритиш таклифлари маъқулланган. Мазкур қарор қонунчилик палатасига кўриб чиқиш ва қонун сифатида маъқуллаш учун киритилади, деб хабар бермоқда Kun.uz. Шунингдек, нашрнинг таъкидлашича, йиғилиш қатнашчилари унда қабул қилинган қарорларни ҳеч қаерга чиқармаслик бўйича қатъий топшириқ олишган.

Kun.uz нашрининг Facebook (ёки «Feysbuk»?) ижтимоий тармоғида мазкур хабар тагида қолдирилган кўплаб изоҳлар муаллифлари бу янгиликка нисбатан салбий муносабат билдиришган ва бу ўзгаришлар саводсизликнинг янада урчишига хизмат қилиши, лотин ёзувига тўлиқ ўтишимизни таъминлаб бермаслиги ҳақида ёзишган. Айримлар бундан кўра мамлакатда мавжуд ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга маблағ йўналтирилиши лозим, дейишган.

Янгиликка блогерлар ҳам ўз муносабатини билдиришди. Platforma.uz канали «алифбо ислоҳоти уч-тўртта одамнинг «шивир-шивир"и билан ими-жимида ҳал қилинадиган нарса эмас», деб ёзди ва «пулимиз ошиб-тошиб кетяптими?» деган саволни ўртага ташлади. Tentakminds канали ҳам «саводсизликнинг юз йили» истеҳзоли сарлавҳаси билан бюджетдан ажратиладиган миллиардларга эътибор қаратди.

«Маърифат» газетаси ўз телеграм каналига ўтказган сўровда овоз берганларнинг ярмидан кўпи sh, ch, oʻ ва gʻ ҳарфлари ўзгаришсиз қолишини ёқлашган.

«Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги Қонуни»га ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бундан олдин икки марта (ИД 31596 ва ИД 45020) умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Ҳар иккала муҳокамада ҳам таклиф қилинаётган ўзгаришларни ёқлайдиганлар ҳам, қаршилар ҳам ва ҳатто алифбонинг муқобил вариантларини таклиф қилганлар ҳам етарлича эди.

Ўзгаришлар илмий асосланганми?

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига таклиф қилинаётган ўзгаришлар тагида аниқ илмий асослар йўқлиги ҳақида олдин ҳам ёзган эдим. На лойиҳа муаллифлари ва на Давлат тилини ривожлантириш департаменти мақолага муносабат билдиришди. Масалан, департмент алифбони ўзгартириш учун асос сифатида келтирган «халқимиз тарихда фойдаланган араб, лотин, кирилл ёзувлари ҳам „бир товушга — бир ҳарф“ тамойилига асосланган», деган аргументнинг ҳақиқатга мос келмаслигини араб, кирилл, амалдаги лотин ва таклиф қилинаётган «янги» алифбо мисолида кўрсатган эдим.

Қонун лойиҳаси муаллифи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси алифбога ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасида билдирилган фикрларга жавоб берар экан, худди шу ғайриилмий аргументни яна бир марта қайтарган: «Бизнинг халқимиз азал-азалдан бир товушга — бир белги тамойилига кўниккан». Ўзбек алифбоси учун узоқ муддат ишлатилган алифболардан ҳеч қайси бирида «бир товушга — бир белги» тамойили амал қилмаганлигини тушуниш учун катта илмий тадқиқот ўтказиш шарт эмас, олдинги мақоламда келтирилган бир неча мисолларнинг ўзи етарли.

Ёки Фанлар академияси берган яна бир жавоб: «Уларнинг (sh, ch ҳарф бирикмаларининг — таҳр.) матнда кетма-кет келиши ўқиш-ёзиш жараёнида ноқулайликни юзага келтирмоқда». Ким учун ноқулайлик юзага келтирмоқда? Масалан, мен ва мен танийдиган кўплаб фаол, ўзбек тилида ёзадиган мутахассислар sh, ch туфайли ҳеч қандай ноқулайликларни сезишаётгани йўқ. Лотин ёзувидан фаол фойдаланадиганларнинг неча фоизига бу ҳарфлар ноқулайлик туғдираётгани, айнан қандай ноқулайликлар юзага келтираётгани борасида аниқ таҳлиллар, рақамлар борми? Ёки муаммо шунчаки ш ва ч товушларининг кирилл ёзувида битта ҳарф билан ифодаланишига кўниккан катта авлод вакилларининг бу товушлар учун энди иккита ҳарф ишлатилишига кўника олмаётганлигидами?

Нега c ҳарфи йўқ алифбога ундан ясалган ç ҳарфи киритилган? Нега ō ва ğ ҳарфлари учун ҳар хил диакритик белгилар танланган? «Киритилган ўзгаришлар компьютер клавиатурасида борлиги учун шундай ўзгартирилган» дея даъво қилаётган Фанлар академияси вакиллари таклиф қилинаётган алифбода матн териб кўришдими? Бу ҳарфлар клавиатуранинг бирон-бир раскладкасида бирга келадими? Бу ҳарфларни киритиш учун ҳадеб раскладкаларни ўзгартиришга мажбур бўлмаймизми? Агар алоҳида раскладка ишлаб чиқиладиган бўлса, нега амалдаги алифбо учун ишлаб чиқиш мумкин эмас?

Ёки ng товуши учун янги ñ ҳарфининг киритилишини олайлик. N ва g бирга келганда ҳар доим ҳам битта товушни ифодалайдими? N+g битта товушни ва ҳар хил товушларни ифодалайдиган ҳолатларни тилшунос бўлмаган аҳолининг неча фоизи фарқлайди? H ва x билан боғлиқ ҳар қадамда кўзга ташланадиган хатолар қаторига ng ва ñ билан боғлиқ хатолар ҳам қўшилмайдими?

Умуман, департамент ва академиянинг алифбони ўзгартириш учун илмий асосанланмаган, тагида ҳеч қандай тадқиқот ётмаган аргументларни ҳадеб қайтаришидан мақсад нима? Нима учун алифбо бўйича «якуний ва ҳал қилувчи» мақомидаги йиғилишга оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари таклиф қилинмади? Олдин айтилганидек, «илмий анжуманларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар турли соҳа олим ва зиёлиларидан иборат экспертлар гуруҳи иштирокида ўтказиладиган конференцияда» кўриб чиқилмасдан, аниқ илмий асосларсиз тайёрланган лойиҳани ёпиқ эшиклар ортида тасдиқлашдан мақсад нима? Ахир алифбо бир неча олимлардан иборат гуруҳнинг мулки эмас-ку?

Мақсад «ижрони ёпиш«ми?

Академия қонун лойиҳаси тагида қолдирилган қолдирилган изоҳларга жавоб берар экан, алифбога таклиф қилинаётган ўзгаришлар заруратини қуйидагича изоҳлайди:

«Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида она тилимизнинг қадр-қимматини кўтариш ва уни янада ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб масалалар қаторида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш вазифасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган эди. 2020−2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг 4-бандида ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш вазифаси алоҳида қайд этилган».

Одатда давлат раҳбарининг қарор ва фармонлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда ёки нутқларини ёзишда тегишли соҳа вакиллари жалб қилинади. Қарор ёки фармон қабул қилингандан кейин эса унинг ижроси назорати Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси томонидан олиб борилади. Қандайдир сабаблар билан қабул қилинган ҳужжатда хатолик ўтиб кетган бўлса ҳам (инсон омилини ҳали ҳеч ким инкор қилгани йўқ), ҳужжатни тайёрлаган ташкилот аксар ҳолларда буни тан олгиси келмайди (ахир кимнинг ҳам «калтак егиси» келади дейсиз). Шунинг учун ҳужжат ижросини бир амаллаб «ёпиш»га, яъни ҳужжатда белгиланган топшириқни «бажарган» қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинади.

Академия тилга олган нутқ ва концепцияда ҳақиқатдан ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш зарурати қайд этилган. Президент фармони билан тасдиқланган концепцияни 2020−2022 йилларда амалга ошириш дастурида «лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш» вазифасини бажариш муддати қилиб 2020 йил декабрь — 2021 йил январь белгиланган.

Агар қилинаётган ҳаракатлар замирида чўзилиб кетган ва йил бошида «ёпилиши» керак бўлган «ижро»ни «ёпиш» турган бўлса, президент томонидан имзоланган ҳужжатларга пухта ўйланмаган бандларнинг ва мавҳум, турлича талқин қилиниши мумкин бўлган жумлаларнинг киритилиши ва ҳаётга тадбиқ қилиниши эртага қимматга тушмайдими?

Ҳужжатни ишлаб чиқишга жалб этилганлар «такомиллаштириш» деганда айнан нимани назарда тутган? Тўртта ҳарфнинг ўзгариши алифбони қандай қилиб такомиллаштиради? Умуман, бу «такомиллаштириш» айнан алифбодаги ҳарфларни ўзгартириш ёки унга янги ҳарфлар киритиш шаклида бўлиши керакми? Такомиллаштириш, масалан, ёзилиши айримлар учун муаммо туғдираётган ў ва ғ ҳарфларини қандай ёзиш кераклиги бўйича аниқ тавсиялар ва техник ечимлар ишлаб чиқиш, ҳалигача баҳсли бўлиб келаётган «sentabr» — «sentyabr» сингари муаммоларнинг аниқ ечимини бериш ёки тилга кириб келаётган сўзлар ҳамда бошқа тиллардаги атоқли отларнинг ёзувда қандай берилишини (масалан, «back-end dasturchi»ми ёки «bek-end dasturchi», «Windows»ми ёки «Vindovs», «Apple»ми ёки «Epl», «IT»ми ёки «Ay-Ti», «Soy»ми «Tsoy»?) аниқ илмий асослаб бериш шаклида бўлиши ҳам мумкин эмасми?

Ёки ҳужжатда «янги ёзув» деганда нима назарда тутилган? Ўттиз йил давомида тўлиқ ўта олмаётганимиз лотин алифбосими ёки унинг қандайдир янги «версияси»ми? «Янги» версия қабул қилинса, унга тўлиқ ўтиш яна ўттиз йилга чўзилмаслиги, бу орада алифбони «янада такомиллаштириш», «янада янги ёзув»га ўтиш зарурати туғилмаслигига ишончимиз комилми? «Янги» версия икки алифбо (кирилл — лотин) ўртасида «сарсон» ўзбек тилини уч алифбо (кирилл — амалдаги лотин — «янги» лотин) ўртасида сарсон қилмаслиги бўйича аниқ тадқиқотлар натижалари борми?

«Банкет» кимнинг ҳисобидан?

Лотин ёзувига асосланган алифбога ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси узайтирилганда Давлат тилини ривожлантириш департаменти «алифбога шаклий ўзгаришлар киритилиши муносабати билан талаб этиладиган харажатлар миқдори ўрганилади» деб ваъда берган эди. «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, моддий харажатлар талаб қилинадиган қонун лойиҳасини тайёрлашда унга молиявий-иқтисодий асослар илова қилинади. Алифбони ўзгартириш учун кетадиган харажатлар миқдори ўрганилдими, қонун лойиҳасининг молиявий-иқтисодий асослари ишлаб чиқилдими? Ўзгаришлар солиқ тўловчиларга қанчага тушади? Ташқи қарз ЯИМнинг ярмидан кўпини ташкил қилаётган шароитда солиқ тўловчилар ўз маблағларидан миллиардларнинг айнан алифбони ўзгартиришга сарфланишига розими?

Дарсликлар нашр қилинишига яқин манбаларнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, алифбо ўзгарса, мактаб дарсликларининг ўзи учун камида 2−3 триллион сўм (ҳозирги курс билан тахминан 186 миллион — 280 миллион АҚШ доллари) керак бўлар экан. Бундан ташқари, бошқа турдаги ўқув ва илмий адабиётлар, луғатлар, бадиий китоблар, бутун республика бўйлаб расмий ҳужжатлар бланкалари, давлат идоралари ва жамоат жойларидаги ёзувлар, баннерлар, лавҳалар, ахборот тизимларидаги маълумотлар ҳам ўзгариши керак бўлади. Буларнинг бари қайси маблағлар ҳисобидан амалга оширилади?

Аҳоли қўлидаги шахсни тасдиқловчи ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар-чи? Қонун нуқтаи назаридан, мисол учун, «Mengliyev» ва «Meñliyev» ҳар хил шахслар эканлиги ҳисобга олинса, бундай ҳужжатлар ҳам зудлик билан ўзгартирилиши керак бўлади. Аҳоли яна ёппасидаги ҳужжатларини алмаштириш учун пул тўлашга тайёрми? Тизим-чи, бундай катта ҳажмдаги юкламани кўтара оладими?

Умуман, Фанлар академияси ёки «бир гуруҳ олимлар» қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар рўйхатига кирмас экан, алифбога ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қайси ҳуқуқий асосларга кўра тайёрланди? 1990-йиллар бошида алифбони ўзгартиришга сиёсий мотивлар сабаб бўлган экан, ҳозир ими-жимида, ёпиқ эшиклар ортида қарор қабул қилмасдан, Конституция бўйича давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи бўлган ва охир-оқибатда алифбони такомиллаштириш билан боғлиқ харажатларни тўлайдиган халқнинг фикрини ҳисобга олишга нима халақит бермоқда?

Қонун лойиҳаси муҳокамасида ўзгаришлар учун сарфланадиган харажатлар ҳақидаги саволга Фанлар академияси бундай жавоб берган: «Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар муайян молиявий маблағларни талаб этмоқда. Агар сиз мактаб дарсликларини қайта чоп қилинишини назарда тутаётган бўлсангиз, дарсликлар қайта нашр этиш муддати етганда чоп қилинаверади».

Академия таклиф қилаётган ёндашув, яъни алифбо ўзгарса ҳам эски алифбо асосида чоп қилинган дарсликлар асосида ўқувчиларга дарс беришни давом эттириш бир қанча авлоднинг ёппасига саводсизлашишига олиб келади. Мактаб дарсликлари даврийлик асосида ҳар беш йилда янгиланади. Мисол учун, бу йил яратилган 2-синф дарсликлари беш йилдан кейин қайта чоп қилинади.

Энди тасаввур қиламиз: алифбо алмашди, лекин дарсликлар янгиланмади. Ўқувчилар қўлидаги дарсликларда «o‘ng», «g‘uncha», «Toshkent», «shamchiroq» шаклида ёзилган сўзларни ўқитувчи аслида «ōñ», «ğunça», «Toşkent», «şamçiroq» шаклида ёзиш кераклигини ўргатади. Ёки бир йил янгиланган алифбода чоп қилинган дарсликларни ўқиган ўқувчиларга кейинги йил эски алифбода чоп қилинган дарсликлар берилди (агар дарсликлар ёппасига янгиланмасдан, академия таклиф қилгандек, қайта нашр этиш муддати етганда чоп қилинса, шундай ҳолатлар рўй бериши аниқ). Сўзларни тўғри ёзиш, имло қоидаларини ёдлашда визуал хотира (кўриш орқали эслаб қолиш) катта рол ўйнашини ҳисобга олсак, бундай ўқувчиларда саводхонлик, сўзларни тўғри ёзиш билан катта муаммо чиқиши аниқ. Ва бу авлод вақт ўтиб давлат идораларида ҳозирги авлоднинг ўрнини эгаллаганда янги алифбони инкор қилади — худди ҳозирги ёши катта авлод кирилл ёзувига ўргангани учун амалдаги лотин ёзувини инкор қилгандай. Қарабсизки, яна алифбони «такомиллаштириш» зарурати туғилади.

Ўзбекистон халқи ҳадеб алифбони «такомиллаштириш»га тайёрми?

P.S. Мақола ёзилиб, нашрга тайёрлангандан сўнг тадқиқотчи ва блогер Элдар Асанов ўз телеграм каналида йиғилиш ҳақида маълумот бериб, унда илмий баҳслар бўлгани, ҳеч қандай расмий ҳужжат қабул қилинмагани ҳақида ёзди. Асановнинг хабар беришича, ишчи гуруҳ ва экспертлар функционал алифбо лойиҳасини тайёрлашга уринмоқда, холос.

Назаримда, алифбони «такомиллаштириш»дан олдин, аниқ саволларга аниқ, илмий асосланган жавоблар олишимиз керак:

1. Алифбонинг мақсади тилдаги барча товушларни транскрипция қилиб бериш эмас, ёзма мулоқотни таъминлаш эканлигидан келиб чиқсак, жорий алифбонинг қайси жиҳатлари ёзма мулоқотни таъминлашга халал бермоқда ва такомиллаштиришга муҳтож?

2. Бу такомиллаштириш айнан алифбони ўзгартириш шаклида бўлиши керакми ёки бошқа ечимлар ҳам борми?

3. Агар алифбони ўзгартириш ҳақиқатда ҳам зарур бўлса, бу қанчага тушади ва қайси манбалардан молиялаштирилади?

Ва албатта алифбо билан боғлиқ ҳар қандай мунозаралар, таклифлар, ечимлар, қарорлар жамоатчиликка эълон қилиб борилиши лозим. Агар алифбони ўзгартиришдан мақсад ўттиз йил олдин бўлганидек, сиёсий конъюнктура учун, биринчи раҳбар айтгани учун бўлса, унда ҳар йигирма — ўттиз йилда «такомиллаштириш» зарурати туғилиши аниқ.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламасилиги мумкин.