Фарғона вилояти Миллий гвардия бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳолатга муносабат билдирди.

Бошқарманинг маълум қилишича, ушбу воқеа вилоятнинг Қўштепа туманида жойлашган 49-сонли мактабда содир бўлган.

Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилди ва ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, дейилади хабарда.

Миллий гвардия хизматининг Kun.uz`га изоҳ беришича, видеодаги ходим мактабда инспектор-психолог сифатида ишлаб келган ва ҳозирда уни бошқа лавозимга қўйиш кўриб чиқилмоқда.

Миллий гвардия мактабга қандай келиб қолди?

Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 минг жиноят содир этгани, 50 минг нафар бола мунтазам равишда мактабга бормаётганини айтганди.

«Нима учун ҳокимлар ҳар ҳафтада битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмайди? Ахир Болалар масаласи бўйича миллий комиссияга ҳокимлар масъул эмасми? Мактаблардаги 2000 та инспектор-психолог штати Ички ишлар [вазирлиги]дан Миллий гвардия ўтказилади. Жўраев (Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев — таҳр.) икки ой муддатда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитет»ни яратиш бўйича тизим қилади», — деди давлат раҳбари.

Президент Рустам Жўраевга мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова билан биргаликда «энг оғир 1000 та мактабларда давоматни яхшилаш тажрибасини жорий этиш» бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Миллий гвардия бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, касбга йўналтириш, тарбиялаш бўйича ота-оналар, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш тизимини яратиш устида ишлайди.

«Тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан шуғулланиб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Агар мактабнинг ичига бутун халқ, бутун жамоат билан кирмасак, натижа бўлмайди», — деганди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мактаб инспекторлари ва психологлар таркиби Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардияга ўтказилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда махсус ишчи гуруҳ тузилгандан сўнг Миллий гвардия ходимлари ҳар куни мактабларга бориб, давомат ва ўқувчиларнинг билим олишига доир масалалар билан шуғулланмоқда.

«Газета.uz» аввалроқ инспектор-психолог ўзи кимлиги, унинг вазифалари нималардан иборат экани ҳақида Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи Зафар Алимов билан ходимларнинг мавжуд ваколатлари ҳақида суҳбатлашганди.