Жаҳон банки Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш муаммолари ва уларнинг потенциал ечимларига бағишланган янги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда мамлакат ёшлари меҳнат бозорига кириб бориш жараёнида дуч келадиган қийинчиликларни баҳолаш ҳамда уларнинг потенциал ечимларини топиш, жумладан, меҳнат бозорини таклиф тарафидан ислоҳ қилиш воситасида мамлакатда ёшлар бандлигини ошириш масалалари таҳлил қилинган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистонда 29 ёшгача бўлган аҳоли сони 18 миллионни ташкил қилади. Бу Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасидаги бошқа давлатлар билан таққослаганда энг юқори кўрсаткич. Мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони яқин ўн йилда 12 фоизга ўсиши, 2045 йилга бориб энг юқори даражага етиши кутилмоқда.

Ёшлар — мамлакат иқтисодий тараққиёти учун бир вақтнинг ўзида ҳам имконият, ҳам муаммо ҳисобланади. Меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг ўсиши қашшоқликни камайтириш ва ижтимоий-иқтисодий фаровонликни ошириш учун катта имконият. Ўз навбатида, меҳнат бозорида янги иш ўринларини яратиш ҳамда ишчи кучига бўлган талабни рағбатлантириш воситасида уни ўсиб бораётган таклифдан ортда қолмаслигини таъминлаш — долзарб масала, кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади.

Хусусан, маълумотларга кўра, 2020 йилда 535 минг нафарга яқин ёшлар касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларини тамомлаган.

Иш топишда қийинчиликка дуч келган ёшлар умидсизликка тушиб қолиши ва ишчи кучи сафидан чиқиб кетиши эҳтимоли юқори. Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 16−29 ёшдагиларнинг 26,4 фоизини меҳнатда, таълимда ёки профессионал тайёрлов курсларида банд бўлмаган ёшлар (NEET) ташкил қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон NEET ёшлар ўртасидаги гендер тафовути кўрсаткичи бўйича ЕМО минтақасида етакчи. Мамлакатда ёш аёллар NEET даражаси ёш эркаклар NEET даражасидан тўрт баравар юқори. Хотин-қизларнинг меҳнатда кам иштирок этиши кўпинча гендер стереотиплари ва ижтимоий меъёрлар билан изоҳланади.

Муносиб иш топиш жараёнида катта тўсиқларга дуч келган ёшларда нофаоллик ва умидсизлик кайфияти пайдо бўлади.

«Ўзбекистонда 15−24 ёшлилар орасида „умидсизликка тушган“ ёшларнинг улуши 5 фоизга етади, 25−29 ёшли ёшлар орасида эса 4 фоизгача камаяди. ЕМО минтақасидаги аксарият қўшни мамлакатларда бу кўрсаткич 2,5 фоиздан камроқ. Расмий бандлик даражасининг пастлиги ва ҳақ тўланадиган бандлик учун имкониятларнинг етарли эмаслиги ёшлар ўртасида ҳақ тўланадиган меҳнат билан банд бўлишда асосий тўсиқ ҳисобланади», — дейилади ҳисоботда.

Қайд этилишича, мамлакатда 16 ва ундан юқори ёшдагиларнинг қарийб 5,5 фоизи халқаро меҳнат муҳожирлари ҳисобланади. Қарийб 90 фоизини эркаклар ташкил этувчи меҳнат муҳожирларининг катта қисми 25−34 ёшдагилардан иборат. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари — ишчи кучининг энг йирик импортёрлари Россия, Қозоғистон ва Туркия давлатлари ҳисобланади.

Ёшлар бандлигини таъминлашдаги асосий муаммолар

Ҳисоботда келтирилишича, қишлоқ жойларда иш ўринларининг етишмаслиги ва ишчи кучига талабнинг сустлиги, норасмий бандликнинг юқори даражаси ва иш ҳақининг пастлиги — мамлакат ёшлари томонидан ёшлар бандлигини таъминлашда мавжуд асосий муаммолар сифатида санаб ўтилган.

Бундан ташқари, меҳнат бозорига янги кириб бораётган меҳнат ресурсларини қамраб олиш учун етарли бўлмаган мавжуд талаб даражасини ҳисобга олган ҳолда, қуйидаги қатор муаммолар аниқланган:

Билим ва кўникмалар етишмаслиги
  • умумий таълим тизими ҳамда касб-ҳунар таълими орқали тақдим этилаётган техник кўникмаларнинг сифати пастлиги ва иш берувчилар томонидан талаб қилинадиган билим ва кўникмаларга сезиларли даражада мос келмаслиги;
  • муваффақиятли кичик бизнес яратишни рағбатлантиришга қаратилган бизнес ёки тадбиркорлик кўникмалари бўйича тренингларнинг чекланганлиги;
  • ўз бизнесини бошлашда бизнес режани пухта ишлаб чиқишда зарур билимларнинг етишмаслиги;
  • олий таълим муассаларига киришдаги қийинчиликлар.
Молиявий муаммолар
  • ўз бизнесини бошлашда имтиёзли кредит олиш имкониятининг чекланганлиги ва бошланғич капиталнинг мавжуд эмаслиги, кучли рақобат ва маҳаллий истеъмол бозорларининг чекланганлиги билан боғлиқ муаммолар;
  • олий ўқув юртлари битирувчиларига бозор талаби юқори эканлигига қарамай, олий таълим олиш имконияти чекланганлиги, хусусан, олий таълим муассасаларига киришдаги қийинчиликлар ва таълим харажатларини қоплаш имкониятига эга бўлмаслик (жумладан, пойтахтда яшаш харажатлари бошқа ҳудудларга нисбатан қиммат эканлиги ҳам рол ўйнаши таъкидлаган).
Бандлик бўйича давлат дастурларининг заиф томонлари
  • ёшларнинг меҳнат бозори тўғрисида етарлича маълумотга эга эмаслиги ва мактабларда касбга йўналтириш амалиётининг деярли мавжуд эмаслиги;
  • фаол меҳнат бозори дастурларининг ёшлар эҳтиёжларига нисбатан кичик миқёсда эканлиги;
  • ёшлар ва иш берувчиларнинг бандлик бўйича мавжуд давлат хизматлари ва дастурларидан хабардор эмаслиги ва фойдаланмаслиги;
  • ишчи кучининг корхоналар ва тармоқлар ўртасида ҳаракатланиши касбий лицензиялаш ва диплом олиш бўйича талабларнинг мураккаблиги туфайли чекланганлиги;
  • ёшлар бандлигини оширишга қаратилган дастурларга давлат харажатларининг самарадорлиги ва ҳукумат аралашувининг оптимал даражасини аниқлаш борасида маълумотлар мониторинги ва баҳолаш маданиятининг заифлиги.

Ижтимоий меъёрлар
  • мавжуд стереотиплар ва ижтижмоий меъёрлар, хусусан, қизларни эрта оила қуришга ундайдиган ва уй юмушларини асосан қизлар зиммасига юклайдиган қадриятлар натижасида юзага келувчи гендер тафовутлар.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун тавсиялар

Таҳлилларга асосланиб, ҳисобот муаллифлари томонидан мамлакатда ёшлар бандлиги соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, мавжуд сиёсат ва дастурларнинг заиф жиҳатларини бартараф этиш мақсадида қисқа ва узоқ муддатли истиқболда ёшларни иш билан таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан йўл харитаси таклиф этилган.

Хусусан, қисқа ва ўрта муддатли истиқболда тавсия этиладиган чора-тадбирлар:

  • ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурларини баҳолаш, ислоҳ қилиш ва кенгайтириш;
  • ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун уларни зарур билим кўникмалар ва бошланғич капитал билан таъминлашни кенгайтириш;
  • мактаблар ва касб-ҳунар таълими марказларига рақамли кўникмаларни ўқитишни жорий қилган ҳолда уларни ривожлантириш;
  • талаб катта бўлган кўникма ва касбларни яхшироқ диагностика қилишни таъминлаш, ёшларнинг таълим ва меҳнат бозори ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлиш имкониятини яратиш;
  • ёшга мос касбга йўналтириш механизмларини институтлаштириш;
  • ёш аёлларнинг бандлик ва ўзини ўзи иш билан таъминлашда фаол иштирокини рағбатлантириш, болаларга ғамхўрлик қилиш бўйича хизматларни яхшилаш ва янада мослашувчан меҳнат қоидаларини жорий этиш;
  • секторлар ва ҳудудлар бўйлаб касбий ва меҳнат мобиллигидаги тўсиқларни бартараф этиш учун қонунчилик ислоҳотларини илгари суриш;
  • уюшган (хавфсиз ва самарали) меҳнат миграциясига кўмаклашиш;
  • бандлик бўйича давлат хизматлари ва дастурлари ҳақидаги хабардорликни ошириш.

Узоқ муддатли истиқболда иш берувчилар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тавсия этилган. Бу ёшларни иш билан таъминлашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишда ёрдам беради.

Бундан ташқари, ўқув дастурларини «меҳнат бозори эҳтиёжлари, қайта кўриб чиқилган миллий малака асослари ва таълимни баҳолаш тизимига» мувофиқ такомиллаштириш мақсадида иш берувчилар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.

Шунингдек, меҳнат бозорига янги кириб келганларнинг ишга жойлашишини осонлаштириш учун якка тартибда, шу жумладан, рақамли технологиялар воситасида бандликка кўмаклашиш мақсадида Бандликка кўмаклашиш марказларини жорий этиш салоҳиятини кучайтириш ва, албатта, мамлакат бўйлаб ёшларнинг олий таълим олиш имкониятини кенгайтириш ёшлар бандлиги соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, энг камида уларнинг оқибатларини юмшатишга замин яратади.