Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 16 ва 14 ёшли қизлар отасининг доимий жисмоний ва руҳий тазйиғи остида қолгани ҳақида хабар берган эдик. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳолат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганини маълум қилди.

Март ойида болалар омбудсмани қизларнинг онаси 2018 йилда вафот этганини хабар қилганди. Онасининг вафотидан сўнг қизларнинг отаси катта фарзандига нисбатан турли уятсиз-бузуқ ҳаракатлар, шилқимликлар қилиб, бир неча йил давомида муттасил калтаклаб келган, шунингдек, турли ҳақоратлар билан унинг шаъни, қадр-қимматини камситган.

Улар бир неча маротаба уйдан чиқиб кетгани сабабли бувиси Н.Л. неваралари бедарак йўқолгани ҳақида берган. Отанинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Қарши шаҳри прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаган.

Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, ушбу вақт давомида ишчи гуруҳ томонидан қизларнинг қариндошларидан қай бири улар учун яшаш ва таълим олишда муносиб шароитлар таъминлай олиши масаласи ҳар томонлама ўрганилган.

Қарши шаҳри ҳокимининг тегишли қарори билан М.Ш. ва Н.Ш.га вафот этган онасининг опаси бўлган Қ.Д. (қизларнинг холаси) васий этиб тайинланди.

Қ.Д. ўз ҳомий ва васийлигидаги жиянларини тарбиялаш, уларнинг таъминоти, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун масъуллиги тегишлича юклатилди, дейилади хабарда.