Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига автобус рейслари кўпайди — Чорвоққа ҳар куни 4 хил вақтда қатнов амалга оширилади, йўлкира нархи 15 минг сўм.
Қўқондаги кийим-кечак бозорида дўконга кирувчи харидорлар йўли тўсиб қўйилгани сабабли сотувчилар ўртасида жанжал содир бўлди. Воқеа оқибатида 14 ёшли бола жароҳатланди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
22 июндан Ўзбекистонда янги такси хизмати Uklon ишга тушди. Uklon`нинг асосий фарқи шундаки, об-ҳаво ва йўллардаги шароитлар саёҳат нархига таъсир қилмайди, фақат автомобиль кутиш вақти таъсир этиши мумкин.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида музейлар ва уларда сақланаётган ашёлар ҳолати бўйича муҳокама ўтказилди. Тегишли қарорлар билан белгиланган бўлса-да айрим музейларда ҳамон таъмирлаш ишлари амалга оширилмагани танқид қилинди. Давлат адабиёт музейидаги ноёб ашёлар хавф остида қолгани айтилди.
Қурбон ҳайити муносабати билан 29 июнь куни Тошкент-Қарши, 26 июндан 3 июлгача эса Тошкент-Самарқанд йўналишида қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилади.
Сардоба фожиасининг сабабларидан энг каттаси — сув омбори қурилиши охирига етмаганди, деди сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев. 27 млрд сўмлик сув сизиб чиқишидан бохабар қилувчи махсус ускуналар ҳам ўрнатилмаган бўлган. Сув омбори ёрилгач эса барча сув омборларида кучайтирилган текширув ўтказилган.
Сенат радиочастота спектридан фойдаланувчиларга ўзларига бириктирилган радиочастота спектридан бошқа фойдаланувчилар билан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қонунни маъқуллади.
Якшанба куни Ўзбекистонга Кавказ ҳудудларидан нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келади. Ҳарорат 2−4 даражага пасаяди, ёз учун қулай қийматлар — +31…+34 даража, кечаси — +15…+18 даражагача ҳарорат кузатилади.
Сенат байроқдан фойдаланиш имкониятини кенгайтирувчи, жумладан, уни хонадонларга осиб қўйиш, кийим-кечакларга ёпиштириш, оилавий ва бошқа тадбирларда ишлатиш мумкинлиги белгиланган қонунни тезда маъқуллади. Лойиҳа 1 июнда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва 20 июнда Қуйи палатада қабул қилинганди.
Бектемир, Чилонзор, Яккасарой ва Сергели туманларининг айрим кўчаларида соат 17:00 гача электр таъминоти тўхтатилди.
21 июнь куни Навоий шаҳри ҳокими 2021 йилда 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилгани учун ишдан бўшатилган Юсуф Турсуновни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинлаганди. ОАВ бунга эътибор қаратганидан сўнг 22 июнь куни Турсунов «ўз хоҳишига кўра» ишдан бўшатилди.
Тошкент вилояти Қибрай туманида маст ҳайдовчи «ВАЗ-2106» автомашинаси билан уч нафар болани уриб юборди. 14 ёшли бола вафот этди.
Марҳум профессор Қудрат Ирназаров ишлаган Ўзбекистон журналистика университетининг «Жамоатчилик билан алоқалар» кафедраси ва аудиториялардан бирига унинг номи берилади, дея маълум қилди университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа.
Яшаш учун қулай шаҳар рейтингида 157-ўриндаги Тошкент, январь-майда энг кўп сотувда йўқ машиналарни ишлаб чиқарган UzAuto Motors, чиройли авторақамлар нархи, Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти ортгани, аквапаркдаги раққосалар воқеасига муносабат билдирган ИИВ ва бошқалар — «Газета.uz»да кун дайжести.
Тошкент вилоятида 11 ёшли бола онасидан шикоят қилиб Болалар омбудсманига мурожаат қилди. Унинг мактабга бормаслиги, ўқиш-ёзишни билмаслиги маълум бўлди. Ҳозирда аёл алкоголизмдан даволанишга, болалари эса ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Украинадаги «Каховка» ГЭСи портлатилиши Ўзбекистондаги сув омборларига ҳам кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини кўрсатди, деди сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев. Унинг сўзларига кўра, шартли равишда «Чорвоқ» ГЭСи портлатилган ва зудлик билан чоралар кўриш бўйича ўқув машғулоти ўтказилган. Видео.
Тошкентдаги иссиқлик марказларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиши сабабли айрим туманларда июль-август ойларида иссиқ сув бўлмайди. Рўйхат.
Тошкент вилоятида ғалладан бўшаган 11,6 гектар майдондаги сомонпоя қолдиқлари ёқилгани сабаб дала четидаги дарахтлар шикастланди. Тупроқ унумдорлигига 24,6 млн сўм, ўсимлик дунёсига 16,8 млн сўм зарар етди. Фермер жаримага тортилди. Экология вазирлиги сомонпоя қолдиқларини ёқмасликка чақирмоқда.
Ҳукумат қарори билан чиройли авторақамлар рўйхати ва нархи янгиланди. 1 июлдан аукцион савдолари орқали сотилиши белгиланмаган, ҳарфлари бир хил комбинацияда бўлган 680 жуфт давлат рақами бошланғич нархда аукцион савдоларига қўйилади.
Самарқандда аквапаркдаги раққосалардан ОИТС ва ОИВ учун қон таҳлиллари олиниб, улар билан суҳбат уюштирилгани айтилганди. ИИВ ҳолатни рад этиб, буни «шошма-шошарлик билан тайёрланган маълумот» деб атади ва вилоят ИИБ ходимларининг ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланганини билдирди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг