Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, ёзувчи ва драматург Менглибой Муродов 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

У 1942 йилнинг 15 майида Навоий вилояти Конимех туманидаги Шодибек қишлоғида зиёли оилада таваллуд топган. Бухоро давлат педагогика институтида (1961−1966) таҳсил олган.

Менглибой Муродовнинг «Меҳр» номли биринчи шеърий китоби 1966 йилда нашр этилди. Шундан сўнг у «Хосиятли кун» (2001), «Дийдор» (2002), «Юрагимда борин айтдим» (2005) номли шеърий тўпламлар, «Гуноҳ» (2008), «Савоб» (2011) номли романлар, «Менинг бола қалбим» (2009) қиссаси, ҳамда «Кўнгилдаги қўшиқлар» (2012), «Умидли дунё» (2022) китобларини ёзди.

Адибнинг «Гуноҳ» романи республика мустақиллигининг 17 йиллигида ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловида 3-ўринни олди.