Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, бир қатор агентлик раҳбарлари лавозимидан озод қилинди, дея хабар бермоқда «Янги Ўзбекистон» нашри.

Хусусан, бошқа ишга ўтиши муносабати билан Камолиддин Талипов Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг директори лавозимидан озод қилинди. У мазкур лавозимга 2019 йилнинг октябрь ойида тайинланганди.

Бошқа ишга ўтиши муносабати билан Шахрух Рахимов ҳам Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги директори лавозимидан озод қилинди. У мазкур лавозимга 2022 йил декабрь ойида тайинланганди.

Шунингдек, бошқа ишга ўтиши муносабати билан Алишер Инаков Тиббий- ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг директори лавозимидан озод этилди. Бундан ташқари, Баходир Каримов агентлик директорининг тиббий-ижтимоий масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан, Гайрат Исраилов агентлик директорининг молиявий-иқтисодий ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан олинди.