Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Сурхондарёда бўлиб қайтди. У Термизда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши сессиясида қатнашди, Термиз туманида вилоятнинг турли ҳудудларидаги олти корхонани ишга тушириш маросимида иштирок этди, Жарқўрғон туманидаги фермер хўжалигида бўлди, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасини қўриқлаш жараёни билан яқиндан танишди, «Термиз» дала ўқув майдонида ҳарбийларнинг тактик машғулотларини кузатди ва Термиздаги «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейини бориб кўрди.

Мазкур тадбирлар орасида давлат раҳбари «Денов — Бойсун йўли бўйича одамлардан жуда катта эътирозлар» тушаётгани учун «бировга ишонмай, ўз кўзи билан кўриш» мақсадида вилоятнинг таъмирталаб йўлларидан бирида Malibu автомобилини шахсан ўзи бошқарди. Шавкат Мирзиёев бундан аввал ҳам турли транспорт воситалари рулида кўриниш берганди.

Кўприк очилишига яп-янги оқ Malibu'да

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 25 март куни Тошкентнинг Юнусобод туманини Мирзо Улуғбек тумани билан боғловчи кўприк очилишида қатнашаркан, у ерга янги авлод оқ рангли Chevrolet Malibu автомобилини ўзи ҳайдаб келганди. Бу манзара президентнинг 2016 йил декабридаги сўзларини тасдиқлаган эди.

Шавкат Мирзиёев оқ Malibu рулида. 2017 йил 25 март. Кадр: «Ёшлар» телеканалиШавкат Мирзиёев оқ Malibu рулида. 2017 йил 25 март. Кадр: «Ёшлар» телеканали

Ўшанда, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Самарқанддаги JМ MAN Auto — Uzbekistan қўшма корхонасига ташрифи вақти, Шавкат Мирзиёев ҳамкасбига Ўзбекистонда тайёрланаётган машиналарни намойиш этаркан: «Мана буниси Chevrolet Malibu. Шанба-якшанба кунлари ўзим шунда юраман. Жуда қулай», — деган эди.

Қайд этиш жоиз, Шавкат Мирзиёев кейинроқ ҳам ўзи машина ҳайдаб туришига ишора қилган эди. «Ўтган куни машинада бир ярим соат Тошкентни айландим. Юриб бўлмади. Қоидабузарликлар, тирбандликлар шундай кўп. Хоҳлаган одам, хоҳлаган ишини қилиб юрибди. Одам қўрқиб ҳам кетди буни кўриб. Ҳайрон қолдим», — деганди давлат раҳбари 2022 йил 6 июнда.

Комбайн ва Malibu’си бор ҳайдовчининг самосвали

2021 йилнинг 1 июнь куни президент Сурхондарёдаги «Ангор Сурхон ғурури» кластери даласида «Ростсельмаш» комбайнини шахсан ўзи ҳайдаб, ғалла ўрган эди. «Замонавий комбайнларни синовдан ўтказган президент ушбу техникаларни кенг жорий қилиш бўйича ўз тавсияларини берди», — дея хабар берганди ўшанда «Ўзбекистон 24» телеканали.

Шавкат Мирзиёев ўзи бошқарган «Ростсельмаш» комбайнидан тушмоқда. 2021 йил 1 июнь. Фото: Президент матбуот хизматиШавкат Мирзиёев ўзи бошқарган «Ростсельмаш» комбайнидан тушмоқда. 2021 йил 1 июнь. Фото: Президент матбуот хизмати

Кейинроқ, 29 июль куни Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи вақтида «БелАЗ» самосвали рулида ўтириб, мазкур автомобиль ҳайдовчиси билан суҳбатлашган эди. Суҳбат давомида «БелАЗ» ҳайдовчиси шу иш ортидан уйли бўлгани, Malibu сотиб олганини айтиб, президентга миннатдорлик билдирганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев: «Malibu'инг ҳам борми?», — дея ҳайрон қолганди.

Шавкат Мирзиёев «БелАЗ» самосвали рулида. 2021 йил 29 июль. Фото: Президент матбуот хизматиШавкат Мирзиёев «БелАЗ» самосвали рулида. 2021 йил 29 июль. Фото: Президент матбуот хизмати

Оқ Malibu'да ўтган текширув

Президент 2023 йил 13 март куни Сурхондарёга ташрифи вақти Бойсун-Денов йўли билан боғлиқ шикоятларни шахсан ўзи текширишга қарор қилиб, абгор йўлда Malibu ҳайдади, йўлда унга вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамроҳлик қилди.

Шавкат Мирзиёев оқ Malibu рулида. 2023 йил 13 март. Кадр: Президент матбуот хизматиШавкат Мирзиёев оқ Malibu рулида. 2023 йил 13 март. Кадр: Президент матбуот хизмати

«Бировга ишонмайман. Бировга ишонсанг, ёлғон гапиради, яширади. Ўз кўзимиз билан кўряпмизки, бу йўлларда ҳаракат қилиб бўлмайди», — деди Мирзиёев. Ҳаракат вақти машина бир неча бор «яма»ларга тушган, буни президент алоҳида таъкидлаган, ҳоким тасдиқлаган.

Текширув давомида Шавкат Мирзиёев Сурхондарё ҳокимига «Ўзавтойўл» раиси Абдураҳмон Абдувалиев билан бирга 15 кунда «замонавий, сифатли ва текис йўл» лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганди. 15 март куни эса Бойсун-Денов йўналишидаги 111 километр йўлни таъмирлашга киришилгани маълум бўлди.