Навоий вилояти Хатирчи тумани халқ таълими бўлими мансабдорларига 43,6 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари учун жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда Хатирчи туман халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2022 йил июнь-декабрь ойларида 43,6 миллион сўм миқдоридаги рағбатлантириш ва иш ҳақларини ноқонуний ҳисоблаб, бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Ҳолат юзасидан 2023 йил 26 февраль куни Хатирчи туман халқ таълими бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисм «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ушбу жиноят иши доирасида прокуратура идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Н.О.нинг Хатирчи тумани халқ таълими бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан ҳамда бўлимдаги ижтимоий-маънавий муҳитдан норози бўлиб, президентнинг виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатлари асосида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан кўриб чиқилган.